Бундан олти йил муқаддам, янаям аниқроғи 2013 йилнинг 23 мартида "Шифокор ва ҳаёт" газетасида худди шу сарлавҳадаги мақоламиз босилган эди. Унда шаҳанддаги Хожа Аҳмад Валий боғи ва зиёратгоҳини ободонлаштириш бўйича фикр-мулоҳазаларимизни, таклифларимизни билдиргандик.

"Олтин мерос" халқаро хайрия жам­ғармаси вилоят бошқармаси томонидан мақоламиз юзасидан қуйидаги хулосани беришганди. Яъни: "Мақола муаллифлари долзарб масалалар кўтаришибди. Агар уларнинг таклифлари инобатга олиниб, Шаҳанддаги Хожа Аҳмад Валий боғи ободонлаштирилса, қутлуғ зиёратгоҳ, маънавият ва маърифат масканига айлантирилса, яна бир Олтин мерос ўз қадрини топган бўлар эди. Ушбу мақола нафақат газетхонларни, айни маҳалда мутасадди ўртоқларни ҳам асло бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз" дейилганди.

Амалда ҳам худди шундай бўлди. Вилоят ҳокими Х. Бозоров ва Тўрақўрғон туман ҳокими Ғ. Муродхўжаевларнинг юксак эътиборлари туфайли бу ерда мўъжаз мақбара қурилди. Уни "Диёр Равон" ташкилоти бунёдкорлари тиклашди. Дилмурод Каримов ва Муҳиддин Умаровлар ишбоши бўлишди. Айниқса ака-ука Каримжон ва Раҳмонберди Илёсов сингари қўли гул усталарнинг меҳнати билан шарқона кўркам ва сервиқор мақбара яратилди.

Мен фахрий қурувчи-муҳандис сифатида уларнинг меъморлар тархига биноан бажарган ишларидан ғоят қониқдим. Хотира ва Қадрлаш куни арафасида қутлуғ масканнинг дарвозаси зиёратчиларга очиб қўйилгани мана шу хайрли юмушларга баҳоли қудрат ҳисса қўшган мендек меҳнат фахрийсининг кўнглида беҳад ғурур уйғотди.

Истиқлолли Ўзбекистонимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида азиз - авлиёларимизнинг мангу қўнимгоҳлари халқимизнинг қутлуғ зиёратгоҳларига айлантириб қўйилаётганидан дилларимиз қувончга, миннатдорчилик туйғуларига тўлиб - тошмоқда. Ҳамиша юртимиз тинч, мамлакатимиз обод бўлаверсин.

Раҳмонберди РАҲИМОВ,

"Олтин мерос" халқаро хайрия жамғармаси

Тўрақўрғон туман бўлими раҳбари.