Истиқлолли юртимизда оналаримиз ва опа-сингилларимиз чинакамига бахту саодатга мушарраф бўлишмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидай: "Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади". Ахир бизларнинг ёруғ оламда борлигимизга сабабчилар, аввало, оналаримиз ҳисобланадилар. Ҳали туғилмасимизданоқ уларнинг бағрида яшаймиз, кўз очгач эса, оқ сутларига тўйиб, гўдаклигимиз, сўнг туганмас меҳрлари оғушида беғубор болалигимиз кечади. Тарбияларини оламиз, ҳаётдан ўрнимизни топамиз. Шу боис, тенгсиз ғамхўрликлари олдида умр бўйи қарздорлик ҳиссини туя­миз. Ардоқлашга, асраб-авайлашга бурчлимиз.

Юртимизда хотин-қизларга беқиёс ғамхўрликлар кўрсатилмоқда. Айниқса, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ҳар йили кенг миқёсда амалга ошириладиган дастурларда аёлларга дахлдор вазифалар эътибордан четда қолмайди. Айниқса, ўтган 2018 йилда соғлиқни сақлаш тизимида истиқболли ислоҳотларнинг изчиллиги таъминланди. Истиқлол ислоҳотлари оқ халатли халоскор хотин-қизлар ҳаё­тида беҳад қувончли саҳифалар очиб келмоқда. Наинки давлат муассасаларида, балки янги хусусий даволаш ва диагностика шахобчаларида улар учун барча қулай шарт-шароитлар муҳайё этиб қўйилган. Кенг, ёруғ ва шинам хоналардаги энг замонавий тиббий аппаратлар врачу ҳамширалар тасарруфида.

Бундай ғамхўрликка жавобан бор билим ва малакаларини халқ саломатлигини сақлаш учун аямай сарфлаётган соҳа фидойилари орасида юқори натижаларга эришаётганлар тобора кўпайиб бормоқда. Чунончи, ўтган йил тиббиётчилар байрамида улар қимматбаҳо мукофотлар билан сийландилар, юксак шарафландилар. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг неврология ва нейросоматика бўлими мудири Гулнора Қирғизбоева "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига сазовор бўлди. Вилоят эндокринология диспансеридан Матлуба Қодирова "Йилнинг энг яхши эндокринологи", Наманган шаҳар туғруқ комплексидан Замира Қаюмова "Йилнинг энг яхши акушер-гинекологи", вилоят перенатал марказидан Зулфия Хўжамбердиева "Йилнинг энг яхши неонатологи", вилоят стоматология поликлиникасидан Санобар Тошпўлатова "Йилнинг энг яхши стоматологи", Тўрақўр­ғон туман тиббиёт бирлашмасидан Феруза Рўзимова "Йилнинг энг яхши тез ёрдам врачи", Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмасидан Кифоят Камолиддинова "Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси" деган шарафли эътирофга эга бўлишди.

Жорий йилда тиббиётчи хотин-қизларнинг фаоллиги янада ошиб бормоқда. Улар ўз ишларининг ташаббускорлари ва тажрибакорлари сифатида меҳнат жамоаларида юқори обрў-эътибор соҳибаларига айланишган. Бирор ибратли тадбир йўқки, хотин-қиз шифокорлар иштирок этмаётган бўлсин. Ҳамиша жонсараклик, ҳамиша ҳалолу фаоллик врачу ҳамширалар учун муҳимдан муҳимдир. Чунки, улкан ўзгаришларнинг, кенг қамровли ислоҳотларнинг ижрочиси ҳисобланган халқимиз соғлигини кўз қарочиғидай асрашга ҳар доим масъулдирлар.

Президентимиз хотин-қизларга байрам табригида зўр мамнуният билан таъкидлаганларидай: "Бугунги кунда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бў­йича Ҳаракатлар стратегия­сида белгилаб берилган мақсад ва вазифаларга эришишда сиз, азизларнинг беқиёс ҳиссангиз бор. Бунинг учун сизларга ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак арзийди, албатта".