Вилоят сил касалликларига қарши кураш санаторияси қошидаги мактабда турли саналар муносабати билан маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш одат тусига кирган. Жумладан, баҳор фаслининг илк кунида  "Шеърият тонгининг юлдузи" деб номланган адабий-мусиқий кеча ташкилланди. У атоқли шоира Зулфияхоним таваллудининг 104 йиллигига бағишланди.

Шеърият кечаси аввалида санатория бош шифокори Аъзамжон Ботиров, мактаб илмий бўлими мудири Саидахон Дадабоева, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, адабиёт тўгараги  раҳбари Зулайҳо Тўрабоевалар миллий адабиётимизнинг буюк намояндаларидан бири Зулфияхонимнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил тўхталиб, унинг адабий меросини чуқур ўрганиш ғоят муҳимлиги ҳақида фикр билдирдилар.

Қизиқарли ва таассуротларга бой тадбир давомида  Зулфияхоним шеърлари ёд ўқилиб, улар асосида  яратилган қўшиқлар янг­ради. Ўқувчилар ўзлари тайёрлаган  саҳна кўринишлари ва мусиқий чиқишлари билан фаоллик кўрсатдилар. Кечани тайёрлашда олиб борувчилар  Зилола Қаҳҳорова, Суғдиёна Абдуқаюмова ҳамда мусиқа раҳбари Дилмурод Юсуповнинг хизмати катта бўлди.