Наманган шаҳридаги 1-туғруқ комплексида ўтказилган нав­батдаги маънавий-маърифий тадбир ана шундай номланди. У буюк бобоколонларимиз, мумтоз адабиётимизнинг улуғ намоёндалари Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган куннинг 536 йиллигига бағишланди.

Тадбир аввалида туғруқ комплекси бош шифокори Мухлиса Атаматова сўз олиб, мустақиллик йилларида Ҳазрат Алишер Навоий ва шоҳ ҳамда шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур қолдирган бой маънавий меросни чуқур ўрганишга эътибор кучайганлигини таъкидлади.

Шундан кейин тиббиёт маскани адабиёт ихлосмандлари томонидан саҳналаштирилган "Назм ва наво кечаси" бошланди. Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазал ва рубоийлари ёд айтилди. Қўшиқлар рақсларга уланди. Қабулхона дояси Зилола Ғойназарова, чақалоқлар бўлими ҳамширалари Доно Эгамбердиева, Хуршида Йўлдошева, амалиёт ҳамшираси Гулҳаё Ҳасанхонова, патология бўлми дояси Ҳалима Қодирова, реанимация бўлими бекаси Малоҳат Шариповалар бу борада ўз қобилиятларини намойиш этишди.

Тадбир ниҳоясида Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Бобуржон Тошпўлатов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдулла Ғозиевлар тадбир юксак даражада ташкилланганлигини эътироф этиш билан бирга муассасада китоб мутоаласини янада авж олдириш, миллий адабиётимиз сарчашмаларидан баҳраманд бўлиш бўйича тавсия­лар бердилар.