таниқли сухандон Муслимбек Йўлдошев билан суҳбат

- Сухандонлик фаолия­тингиздаги баланд-пастликлар борасида сўзлаб берсангиз. Фаолият жараёнида ташқи таъсирларнинг ўрни хусусида қандай фикрдасиз?

- Баъзи нохуш ҳолатлар бўлган, албатта. Кўп ҳолларда сизнинг тақдирингизни раҳбарлар эмас, ёнингизда ишлаётган ҳамкасблар ҳал қилиб қўйишади. Йўлингизни тўсиб, ижодингизга тўғаноқ бўлишади. Табиатан сабрли бўлсам ҳам, бир йили катта "қовурдоқ" бошлаганман. Раҳбаримга ультиматум қўйганман. "Ёки ҳаммани баробар кўринг, ёки очиқ бир айб қўйинг! Сен касбга номуносибсан, дикторлик ишига тўғри келмайсан, денг. Агар ундоқ деёлмасангиз, мени ҳам мана бу, мана бу кўрсатувлар ва репортажларга қўйинг", деганман. Мана шу кун менинг телевидение­даги ижодимда бурилиш ясаган. Ҳукумат тадбирларида, республика миқёсидаги бош­қа анжуманларда муваффақият билан ишлайману телевидение ичида "шлагбаум"­лар қўйиб ташлашган. Кейин билсам, ички "гуруҳбозлар" иши экан бу. Худога шукур, ўзимни кўрсата олдим, қаторга кириб, муносиб ўрнимни эгалладим. Тез орада ҳаммаси бошқача бўлиб кетди. Яхши тарафга.

- Айрим ҳамкасбларингиз билан боғлиқ хотираларингизни қоғозга туширдингиз. Телевидение тарихи ва келажаги, бу мавзудаги ёрқин ютуқлар ва муаммолар масаласида публицистик мулоҳазалар ёзиш истаги Сизни безовта қилмаяптими?

- Ёзиш масаласига келсак, ҳозир мен "Ўзбекистон ойнаи жаҳони намоёндалари" номи остида бир китоб бошлаганман. Унда мен бутун телевидение тарихида сухандон, диктор бўлиб ишлаган салафлар ва сафдошларимни жам қилмоқчиман. Насиб бўлса, йил охирларига нашр этилиб қолар.

- Ўтган асрда фаолият юритган сухандонлар халқ ўртасида улкан обрў-эътибор қозонишган. Бугун ўша анъаналар занжири узилиб қолаётганининг сабаби нимада?

- Сабаби аён-ку! Занжир қачон узилади? Анъаналар давомийлиги бузилганда. Илгари ҳамма дикторларга бир одам бош бўларди. Айтайлик Ўктам Жобиров, Мирзоҳид Раҳимов ва ҳоказо. Шу бир одам тилга, малакага, профессионалликка жавобгар ҳисобланарди. Қолганлар ўша одамларга қулоқ осар, йўлига юрар, талабига жавоб берарди. Бугун-чи? Телевидениеда ўн чоғлик диктор-сухандон қолгани ҳолда, юзга яқин бошловчилар кўрсатув олиб боришмоқда. Уларга йўл кўрсатадиган, тўғри-нотўғри талаффузи ва муносабатини айтиб турадиган бош йўқ. Бошловчилар бошлиғи бўлиши керак. Бусиз иложи йўқ. Поликлиникага кирсангиз, бош шифокор, бош ҳамшира бор. Телевиде­ние­да ҳам шунга ўхшашроқ. Бош муҳаррир, бош режиссёр бор. Бош тасвирчи ва яна бошқа бош... лар бор. Лекин бош бошловчи йўқ! Ҳамма муаммо шунда. Ўша бошлиқ бошқаларни йўлга солади, чегарада ушлайди, ишини таҳлил қилади, ёрдам беради, хуллас, тарбиялайди. Севимлилик шунда ўз-ўзидан келади. Бу - менинг фикрим.

- Миллий телебошловчиларнинг интеллект савиясига муносабатингиз қандай? Муаммолар йўқ гўё ва таомнома, тантиқ - танноз кўрсатувлар сони ошиб бормоқда...

- Телебошловчилар савияси ҳақида факат йиғлаб гапириш мумкин. Чунки интеллект ниҳоятда паст даражада. Билимлари саёз, дунёқарашлари тор. Гапиришларидан, саволларни қоғоздан ўқиб беришларидан, жавоб эшитиш ўрнига навбатдаги саволни ёдлаб туришларидан сезилади. Жавобга эса ҳеч қанақанги реакция қилмайдилар. Ё кулиш, ё ачиниш, ёки бош қимирлатиш керак бўлган, қарши савол бериш керак бўлган онларда индамай туришларидан яққол намоён бўлади. Экраннинг ўзи сотиб қўяди саводсизликларини. Бу гапимдан иқтидорли, салоҳиятли ва касбига муносиб бошловчиларимиз хафа бўлишмасин. Гап улар ҳақида эмас. Гап эгасини топади.

- Қайси машҳур халқаро телебошловчиларга ҳавас қиласиз? Сизга уларнинг қайси жиҳатлари ёқади?

- Владимир Познерга. Унинг ўз позициясида собит туриши, мақсадига эришишга бўлган қатъияти, мавзуни жуда пухта билиши ёқади. Мавзуни яхши билган одам суҳбатдошидан паст турмайди. Кўп ҳолларда у рўпарасидаги меҳмонидан юқори туради. Унинг жавобларини диққат билан эшитар экан, ўзига керакли жавобни олмагунча суҳбатдошини тинч қўймайди. Саволини қайтараверади. Кўзи, юзи, лаблари, елкаларию қўллари ўша ондаги жавоблар билан хамоҳанг ҳаракатланиб туради.

- Яқин кунларда Сизни яна телеэкранларда муаллифлик кўрсатувда ҳам кўрамизми?

- Бир нечта "лойиҳа"ларим бор. Яхши кўрсатув чиқади. Ҳаммага баробар бўлмаса ҳам, кенг оммага манзур бўлишига ишонаман. Худо хоҳласа, албатта, экранда кўришамиз. Ҳали кўп яхши дақиқаларни бирга ўтказамиз, деб ишонаман.

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.