28 - 30 апрель кунлари Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида "Ўзбекистон баҳори" ижод фестивали ўтказилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан олти йўналиш шеърият, наср, драматургия, публицистика, бадиий таржима ва тасвирий санъат бўйича 150 нафардан ортиқ ёш ижодкорлар бу ерда жамланишди. Республикамизнинг таниқли ёзувчи ва шоирлари Хуршид Дўстмуҳаммад, Қўчқор Норқобил, Эркин Хушвақт, Назира Тошпўлатова, Нодир Жонузоқ, Воҳид Луқмон, Азиз Саид, Зебо Мирзо, Гулноза Одилова, Мафтуна Маҳмудова, Ўзбекистон бадиий академияси аъзолари Иқбол Илҳомов, Бахтиёр Обидовлар фестиваль доирасидаги серқирра ижодий танловга ҳакамлик қилишди.

Истиқлолли юртнинг чин иқболли ўғил-қизлари яна бир бор устозлари олдида гўё ижодий ҳисобот беришди. Шеърлар ўқилди, ҳикоялар тингланди, публицистик мақолалар таҳлилдан ўтказилди. Ҳатто кичик саҳна асарлари намойиш этилди. Қўшиқларга қўшиқ, куйларга куйлар уланди. Давра ёшларнинг тантанавор, кўтаринки руҳдаги чиқишлари билан янада файзга тўлди.

Ниҳоят иккинчи куни орзиқиб кутилган ҳаяжонли дақиқалар етиб келди. Фестиваль ғолиблари эълон қилинди. Олти номинация бўйича учтадан ўриннинг соҳиблари давра тўрига чорланди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигидаги республика ёш ижодкорлар кенгашининг дипломларини кенгаш раиси Меҳриноз Аббосова ҳакамлар ҳайъатидаги таниқли ижодкорлар билан биргаликда фестиваль ғолибларига тантанали равишда топширди.

Мукофотланганлар орасида "Шифокор ва ҳаёт" газетаси мухбири, Манзура Абдуллаеванинг борлиги, унга наср йўналиши бў­йича II ўринни берилганлиги бизни ҳам ғоятда фахрлантирди. Публицистика йўналиши бўйича Наманган давлат университети талабаси Сарвиноз Адашалиева III ўринга муносиб кўрилди.

Биз "Ўзбекистон баҳори" фестивалининг ғолибларини қутлаймиз. Уларга янгидан-янги ижодий муваффақиятлар тилаймиз.