Ўзбек халқининг севимли фарзанди, оташқалб шоир Муҳаммад Юсуф бугун ҳаёт бўлганида 64 ёшни қаршилаган бўлар эди. Аммо бешафқат ўлим уни орамиздан эрта олиб кетди. Шундай бўлса-да, шоир ўзининг ижодий мероси орқали ҳануз орамизда, шеъриятга ошно қалблар тўрида яшамоқда, десам асло муболаға бўлмайди.

Муҳаммад Юсуф ижодий меросини ўрганар эканмиз, Ватанга бўлган муҳаббат, ота-онага ҳурмат, ёрга садоқат, ўз халқи билан фахрланиш ҳисси беихтиёр вужудимизни чулғаб олади.

О, ота маконим, онажон ўлкам!

Ўзбекистон жоним тўшай пойингга,

Сендек меҳрибон йўқ, сенингдек кўркам,

Римни алишмасман бедапоянгга!

Дунёда ота-онадан улуғ зот йўқ. Суюкли шоиримиз она қишлоғидан, онаси ва яқинларидан узоқда яшаса-да, уларнинг меҳрига бўлган интиқлик, дийдорга талпиниш ҳисси уни бир зум ҳам тарк этмади:

Мен сени ўйлайман шом-у саҳарда,

Она, соғинсам ҳам бора олмайман.

Тунлари чароғон шундай шаҳарда

Ҳеч кимга кўнглимни ёра олмайман.

Ёрга бўлган муҳаббат ва садоқат бобида шоирга етадигани йўқ:

Муҳаббат кўшкида сен ким-у мен ким,

Сени қон ўкситиб не топди дилим.

Юзингдан ўпайми энди энтикиб

Кўзингдан ўпайми азиз севгилим...

Сенсиз қайда қалбга хаёлот-ҳузур,

Борингга шукурлар, борингга шукур...

Эл суйган шоир Муҳаммад Юсуф шеърияти ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Озод Шарофиддинов шундай деган: "Муҳаммад Юсуф деган шоир шеъриятга қандай кириб келганини адабиётимиз сезмай ҳам қолди. Муҳаммаджон камдан-кам туғиладиган истеъдод соҳиби бўлиш билан бирга, камдан-кам шоирда учрайдиган хислат эгаси - шуҳратдан қочадиган камсуқум инсон эди. У шуҳратнинг эмас, шуҳрат унинг ортидан қувиб юрарди".

Муҳаммад Юсуф ростгўй шоир, ҳалол ва покиза қалб эгаси эди. Гарчи у бугун орамизда бўлмаса-да, ижодий мероси орқали қалбларда абадий яшайди.

Дилором МИРФАЙЗИЕВА.

Чортоқ туманидаги

53-сонли мактаб ўқитувчиси.