Ҳумоюн қаттиқ оғриб қолди. Уни оғир аҳволда Аграга олиб келишди. Табиблар кеча-кундуз тиришиб, касалликни аниқлашга, даволашга уринишди. Аммо барча ҳаракатлар зое кетди. Бобур ўғлининг тезроқ оёққа туришини истар эди. Бироқ унинг аҳволи борган сари оғирлашарди. Илоҳий бир мўъжиза рўй бермас экан, фалокат юз бериши аниқ кўрина бошлади. Шунда Бобур Аллоҳнинг даргоҳига сиғиниб, ўғли учун жонини қурбон қилишга қарор қилди.

Гулбаданбегим ёзади: "Саройнинг неча уламоикромлари подшоҳ ҳазратларини бу қарордан қайтишга ундадилар, лекин дадам унамадилар. Неча бор оқилу донолар бунинг ўрнига мўл-кўл олтин-кумушлар садақа қилишни таклиф этишди. Бекилардан бири дунёда энг қимматбаҳо гавҳар - Қўҳи нурни тасаддуқ этишни маслаҳат берди. Бироқ шавкатли отам рози бўлмадилар. Дунёда ўғлимга тенг келадиган гавҳар борми, деб сўзларида қатъий туриб олдилар. Кўнгиллари ул ҳазратни олий қурбонликка ундар эди. Йиғлаб кўз ёши тўкаётган сарой хонимлари орасидан ўтиб, Муҳаммад Ҳумоюн ётган хонага кирдилар.

Акам тўшакда оғир иситмада қуйиб, холдан тойиб ётар эди. Отам унинг бошига бориб, қўлларини дуога очдилар. Сўнг вазмин қадам ташлаб, унинг атрофидан уч марта айландилар. Такрор-такрор дедиларки: "Ё Аллоҳи карим, унинг дардини менга бергил! Унга келган бало менга урсин!" Сўнг Ҳазратнинг йиғи аралаш шу сўзлари эшитилди: "Берган садақам қабул бўлди! Ниятимга етишдим! Муродим ҳосил бўлди! Аллоҳи карим тилагимни қабул айлади!"

Хона ичида юз бераётган ҳодиса чиндан ҳам юракларни ларзага солар эди. Ранглари синиққан, ғам-қайғу юки остида эс-ҳушини йўқотаёзган Бобур Тангрига ялиниб-ёлворарди. У, ўғлимни қўйиб, ўрнига менинг жонимни ол, деб зорланар экан, ҳушсиз ётган Ҳумоюн дард чекиб, оғир инграр эди... Ҳамма марҳамат, шафқат сўраб қилинган илтимосларга Худодан жавоб кутарди...

Бобур, дуою илтижоларим Тангри даргоҳида қабул бўлди, деб имон келтирди... У фалакдан нажот сўрар экан, шунга ишонч ҳосил қилдики, ўзининг аҳволи ёмонлашиб, ўғлининг аҳволи яхшилана борди. Чиндан ҳам ўлим тўшагида ётган шаҳзода ҳушига келиб, кўзини очди. Бобурнинг аҳволи эса оғирлашгандан оғирлашаверди ва... орадан уч кун ўтгач, 1530 йил 26 декабрь, душанба куни вафот этди.

Муни Лаъл,

ҳинд олими.