Наманганлик Баҳром Қодиров салкам эллик ёшда. Олий маълумотли, икки фарзанднинг отаси. 2014 йилнинг 28 февралидан 2016 йилнинг 28 августига қадар Косонсой туман ички ишлар бўлими паспорт бўлинмаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган. Қарасаки, паспорт тартибларини бузаётганлар тез-тез учраб турибди. Улар амалдаги қоидаларга кўра, жаримага тортилиши керак. Тўловлар "Халқ банки"га топширилиши, давлат ҳисобига ундирилиши шарту, агар... у миясига келган фикр­дан хурсанд бўлиб кетди. Тезда ҳаракатга тушди. Банкнинг Косонсой филиали махсус кассаси кассири Шаҳло Сиддиқова билан ўзаро тил бириктириб олди. Ҳамкори ҳам чаққон экан. Ими-жимида иш битиришга киришди.

2015 йилнинг 1 январидан 15 декабрига қадар "хирмон"лари чакки бўлмади. Паспорт алмаштириш муддатини ўтказиб юборган 155 нафар шахсга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилмади. Улардан энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жами 18.804.600 сўм маъмурий жарималар ундирилди. Расмий ҳужжат ҳисобланган ва ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган тўлов квитанциялари йўқ қилиниб, пул маблағлари тегишли тартибда банкка топширилмасдан талон-тарож қилинди. Яна шундай ҳолат икки нафар фуқародан паспорт олиш учун тўланган 124.320 сўм давлат божини ундириш чоғида ҳам такрорланди.

Нафси ҳакалак отган Б. Қодиров тағин жим туролмади 2015 йилнинг 16 октябридан 2016 йилнинг 1 мартигача банкнинг бошқа кассири Д. Нортожиевани ҳам йўлдан урди. Биометрик паспорт олиш учун мурожаат қилган 43 нафар шахсга нисбатан ҳам зарур ҳужжатларни расмийлаштирмасдан уларнинг ҳар биридан энг кам ойлик миқдоридаги тўловни кассага топширмасдан киссага солишдан тап тортмади. Бу сал кам 5,5 миллион сўмга етди.

У энди қаноати етмай нафсининг қулига айланиб қолган эди. Худди юқоридагидек ҳолатларни давом эттириб, тағин 3.461.600 сўм миқдоридаги ўзига ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўз фойдасига ўзлаштириб юбораверди.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди мазкур масалани муҳокамасидан ўтказиб, тегишли ҳукм чиқарди. Собиқ паспорт бўлинмаси бошлиғи Баҳромжон Қодиров икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Энг кам ойлик иш ҳақининг 140 баравари миқдоридаги 18.233.600 ( ўн саккиз миллион икки юз ўттиз уч минг олти юз) сўм жарима жазоси ҳам тайинланди.

Банк кассири Шаҳло Сиддиқовадан эса энг кам ойлик иш хақининг 50 баравари, яъни 6.512.000 (олти миллион беш юз ўн икки минг) сўм жарима жазоси давлат фойдасига ундириладиган бўлди.

Албатта, давлат бюджетига етказилган зарар тўлиқ қопланди. Ниҳоят зиёнкорларнинг ўзлари зиён кўришди.

Хақ Назар.