УШШОҚДЕК ДАРДГА "ТОҒДЕК"

ДОРИ-ДАРМОНЛАР

Коллеж ўқувчиси Ҳилоланинг ойнага қараб кайфияти бузилди. Қараса, юзида уч-тўртта тошма пайдо бўлибди. Дугоналарига кўрсатган эди, бепарво бўлмасликни маслаҳат беришди. У тери касалликлари мутахассиси ҳузурига чопди.

- Қачондан бошланди? - деди дермотолог врач кўзойнагини тақиб, унинг тошмаларига тикилганча. - Яхши вақтида кепсан, бўлмаса ётиб даволанишинг шарт эди.

Ёшгина қиз шифокорнинг ваҳимасидан чўчиб кетди.

- Ишқилиб йўқоладими, кўпаймайдими?

- Тез-тез менга қатнаб турсанг, биргаликда даф қилиб юборамиз. Ҳозир пастга хоналарга тушиб, қон топшириб, таҳлилини олиб чиқ-чи?

У врач айтганини зудлик билан бажарди. Ҳатто "хизмат ҳақи" талаб этишгандаям тортишиб ўтирмади. Яна юқорига кўтарилди. Бу гал мутахассис қизнинг қўлига рецепт қоғозини тутқазди. У тикилиб, ҳайратдан ёқа ушлади. Негаки, ушоққина дардига қатор-қатор дори-дармонлар рўйҳати турарди. Бир эмас, ўн эмас, ундан ҳам ортиқроқ хилдаги ноёб номлардан кўзлари жимирлашди.

- Ҳаммасини ичаманми?

- Ичадиганиям бор, суртадиганиям. Қай маҳаллигини рўпарасига кўрсатиб қўйдим, ҳафта ўтиб яна янгилаймиз. Менга кечикмасдан учрайсан. Ҳа, айтганчалик ташқарига чиққинда, чапга қараб юз метр юргин, кейин ўнгга буриласан-да, кўпқаватли "дом"нинг биқинидаги дорихонага кириб, мени юборганимни айтасан. Рецептни йўқотиб қўймагин, келаси келганингда ўзимга топширасан.

У ташқарига чиқди. Худди ўзи тенги қизнинг маъноли жилмайишига бепарво ўтолмади.

- Сизгаям меникидақа дорилар ёзиб бердиларми? - дея қўлидаги қоғозни Ҳилолага кўрсатди.

Разм солса, бир хил, ҳатто айрим ёзувларнинг остига алоҳида қизил чизиқ тортилиши ҳам.

- Ҳе-е, нафини унча сезмадим, бекорга ичим аптекага айлангани қолди. Устига-устак аллақанча пулни совуриб юбордим. Фақат дорихона фойдасини кўрди, холос. Аммо, битта дори кифоялигини бир таниш дўхтир айтганди, икки-уч кундан буён суртаётгандим ҳуснбузарим озайди.

- Менга ҳам айтинг.

- Ана шу ёзувнинг охирида бор, "Акнил". Фақат у киши тайинлаган дорихонадан олманг!

- Нега? Нима учун?

- Қиммат, бошлиғи билан дўхтир ҳамкор...

 

ВИЖДОННИ

ЕМИРАЁТГАН БОНУСЛАР

Ёхуд бемор ҳисобидан

чўтал ундириш иллати

- Бонус ўлсин-а, бонус ўлсин! - деди Каромат кампир ўғлининг хотинини даволатаман деб қийналганини кўриб, бемор келинига. - Ўша сенинг чўнтагингдагини аптекачига ўтказдириб, хизматига мукофот ундираётган дўхтирнинг виждонига қурт тушганга ўхшайди.

- Секинроқ ойи, секинроқ гапиринг, эшитиб қолсалар яхши қарамай қўядилар, шусиз ҳам айтганларидан бошқа дорихонага кирганларига аразлаб, қовоқларини очмай юрибдилар, - деди дардини дастурхон қилганини чакки билгандай паст овозда Сожидахон. - Фақат менгамас, ёнимдагиларгаям фақат хорижнинг қимматбаҳо дориларидан ёзарканлар.

- Ўшанга кеча ўғлим келинингиз тезда тузалиши учун чет элнинг қиммат-қиммат дориларидан заруракан, олиб бормасам сира бўлмасакан, деб бирданига икки қў­йимизни бозорга етаклаб кетганида тушунгандим.

- Бўлди ойи, бўлди ҳар тугул шифохонадан соғайиб чиқсам, яна астойдил ишлаб, ортиқча сарфимизнинг ўрнини қоплаб юборармиз.

- Вой, сахий келинжоним-ей, менинг ўғлим пулни кўчадан ғазондек тўплаб олаётганидек гапирасиз-а. Айтиб қўяй, бунақа кўнгилчанлигингизда ҳеч бирингизни икки қилолмайсиз, қирқ йилдаям косангиз оқармайди. Ана радио-телевизорда "Ўзимизнинг дорилар арзон, боз устига хорижникидан асло қолишмайди, сифатигаям гап йўқ" деб ётишибди ҳар куни. Ўша дўхтирингиз сизнинг ҳолатингизни қачон ўйларкин? Биздақалар юзига айтмагунча, инсоф-диёнатга чақирмагунча, сиздақа соддаларни ортиқча чиқимга рўбарў этаверади...

Бу воқеа асли тўқима эмас. Кўпни кўрган, умр бўйи болаларга таълим-тарбия бериб пенсияга чиққан меҳнат фахрийси Каромат муаллиманинг куйинишларини қаламга олдик, холос. Чунки... Келинг яхшиси, бир бошдан ҳикоя қилайлик.

Сожиданинг юрагида қўққисдан оғриқ турди. Поликлиника врачи кўригига олиб борган эри Ҳамдамжон текширув-ташхисни эшитиб яна ҳам шошилиб қолди. Шифохонага ётқизди. Кардиолог рецепти билан айтилган жойдаги дорихонага кириб, фармацевтнинг қўлига бир парча қоғозни тутқазгач, биринчи дорининг нархини эшитгандаёқ капалаги учди.

- Қанча дедингиз? - сўради қулоқларига ишонмай.

- Мана, "Инозие-Ф" ёзилган, 158 минг сўм.

- Адашмадингизми?

- Биз адашмаймиз, қайси дорининг қанчалиги ёд бўлиб кетган.

- Бўлмаса тўхтаб туринг, ҳозир ёнимда шу биргина дори-дармонга етадиган пулим ҳам йўқ эди. Бунчалик қимматлигини туш кўрибманми?!

У уйига чопди, қўйларига ёпишди. Шошилинчлиги учун арзон-гаровга сотишга мажбур бўлди. Чўнтагини пулга тўлдириб хотини олдига ошиқди. Йўл-йўлакай таниши Меҳриддин ишлайдиган дорихонга кирди. Рецептни узатди.

- Ҳамдамжон ака, врач сизга росаям қимматини ёзибди-ку, Тайван давлатидан олинган "Инозие-Ф"нинг ўрнини босувчи ўзимизнинг "Рибоксин"ни бераман. Атиги 8 минг сўм.

- Ие-е, фарқи 150 минг сўмми? - таажубдан ёқа ушлади Ҳамдамжон.

- Шунақа ака, халқ қийналмасин деб, ўзимиздаям ишлаб чиқариляпти, номи бош­қачаю, таркиби деярли бир хил.

- Хее, раҳмат-ей, бир ташвишимиз иккига айланиб кетуди-я.

- Бонусчи дўхтирга учрабсизларда.

- Бу нима дегани?

- Инсофи йўқ дегани ака, инсофи йўқ дегани.

- Ҳамдамжон, аввалги дорихона бошлиғию, ходимидан қанчалик нафратланган бўлса, ҳамтавоқ дўхтирни қилмишидан қанчалик изтироб чеккан бўлса, Меҳриддиндек элга қайишадиган, беморларни алдашдан нафланишга интилишдан бегона танишидан шунчалик хурсанд бўлди...

 

 

ЎЗИМИЗНИКИНИ

ЎЗИМИЗ ҚАДРЛАШГА ЎРГАНАЙЛИК

Ўзбекистонда тайёрланаётган дориларнинг сифати арзон, яъни чўнтакбоп, айни маҳалда хорижникидан сира-сира қолишмайди. Ҳатто, устун жиҳатлари бир талай. Бу ҳаётий ҳақиқат. Халқимизни соҳа хизматидан ризо қиладиган ҳолат. Очиғини айтганда, олти ой аввал мазкур масала мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 2016 йилнинг 31 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-2647-сонли қарори қабул қилинди. Сўнгра 2016 йил 20 декбрдаги ПҚ-2685-сонли қарори билан тасдиқланган рўйҳатга мувофиқ қон айланиш, асаб тизими, ички секреция безлари, кўз, нафас олиш аъзолари, сийдик-таносил касалликларини даволашда ҳамда шошилинч тиббий ёрдам ва жарроҳлик амалиётида қўлланадиган 97 та маҳаллий дори воситалари, 18 та тиббий буюмлар чекланган нархларда дорихоналарга чиқарилмоқда. Рўйҳатга жами 343 номдаги дори воситалари киритилган.

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан "Барча дорихоналар учун мажбурий бўлган энг зарур дори воситалари ва тиббий буюмларнинг рўйхати" тасдиқланиб, ҳамма-ҳаммаси дорихоналарга кўринарли жойга илиб қўйилган. Фақат бунга эътиборли бўлишимиз, ҳақ-ҳуқуқларимизни яхши билган ҳолда камчиликларга муросасизлик билан бу борада қатъий тартиб ўрнатишга фаол ҳисса қўшишимиз барчамиздан бирдай талаб этилади. Ана ўшанда уч манфаат қонун доирасида яшайди. Бири бирининг манфаатига дахл қилмасдан, жамиятни ҳаракатлантирувчи кучи - инсонларнинг соғ-саломат умр кўришини таъминлайди.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.