Туманимиз фуқароларининг кўпчилигининг ана шундай савобталаб, сахий инсонлар ташкил этади. Шу боис турмушимиз фаровон, дастурхонимиз тўкин, хонадонларимиз обод. Ўзганинг дардини дардим, шодлигини қувончим, дея халқ ғамида юрганларга таъзим қиласан киши. Аммо шоли курмаксиз бўлмаганидек, айрим соҳа вакиллари борки, уларнинг хатти-ҳаракати ва бажараётган вазифасига ўта масъулиятсизлиги кўнгилларига бир оз ғашлик солади.

"Соғлом она ва соғлом бола йили"даги бир воқеани эсга олайлик. Чақалоқ туннинг ярмида чирқираб йиғлаган уни юпата олмагач, зудлик билан ўз машинасида "шошилинч тез тиббий ёрдам" бўлимига олиб борган ота-она навбатчи врачга мурожаат этади. У гўдакни текшириб иситмаси баланд эканлигини айтади ва ношпа, димидрол, шприц, парацетамол свеча каби зарур дори-дармонлар ёзилган қоғозни қўлларига тутқазиб "Тез топиб келинг" дейди-да чақалоқ билан кутиш залига кузатиб қўяди... Ўша тобда пуллари бўлганда-ку бир нави эди, аммо бола йиғиси билан овора бўлиб, пулсиз келишганди. Начора "Ука, бир илож қилинг, дориларингизни эрталаб олиб бераман" дея врачга ялинишди. Чақалоққа биринчи ёрдам кўрсатиши шарт бўлган оқ халат соҳиби меҳрибонлик кўрсатиб бир иложини топади ва зудликда ёрдам қўлини чўзгач, улар енгил тин олишди.

Ростини айтиш керак, шифохона бўлимларида даволанаётган беморлар уколу таблеткадан тортиб, ҳамширалар учун бир марталик резина қўлқопгача ўзлари оладилар. Бунга кўникиб ҳам қолдик. Лекин биринчи ёрдам учун катта маблағлар ажратилиб, келажагимиз давомчилари-болаларни соғлом улғайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, Президентимиз инсон манфаатлари учун тинимсиз ғамхўрлик қилаётган бир пайт­да ғафлат уйқусида мудраётганлар энди кўзларини катта очишлари зарур.

Ёки бошқа бир мисол: тиббиёт бўлимларидан бирида ўттиз йил ҳамширалик қилиб пенсияга чиққан 62 ёшли аёлнинг қўл ва оёқ бўғимлари сир­қираб оғриганлиги сабаб, ёшлигию, куч-мадорини бахш этган жамоасида даволанмоқ учун борсаю, унга беэътибор бўлсалар, ҳатта бегонани кўраётгандек ҳайратомуз боқсалар оғир ботмайдими, ўша аёлга. Албатта, оғир ботади. Бир пайт­лар "опа-опа" деб иш ўрганиб, орқасидан юрган, бугун кўзларини шира босиб, юраги тош қотганлар ўзларини ўша хаста аёл-собиқ жамоадошлари ўрнига лоақал бир дақиқа қўйиб кўрсалар эди, қадрдонлигини унутган жамоа­си ҳузуридан кўзида ёш билан қайтиш қанчалар азоб эканлигини англаган бўлар эдилар.

Бир йилда нечта байрам бор? Камида 8 та. Ўша аёл пенсияга чиққандан буён расман нишонланган байрамларнинг сони 100 дан кам эмас. Шунча байрамлар ўтиб лоақал бирор марта "Опа ўтирибсизми?" дейишга ярамаганларидан уялиш ўрнига, "Группангиз бўлса ётасиз, сизга жой йўқ" дея зор қақшатсалар, бунга нима дейсиз? Арзингизни кимга айтасиз?..

Бу ҳақда раҳбарга айтиб, ёрдам беришларини илтимос қилиш мақсадида, одоб юзасидан қабулхонага борасиз. Учратолмагач, қўл телефони рақамини топиб қўнғироқ қилишга мажбур бўласиз. Раҳбар эса "Ҳозир селектор йиғилишидаман, чиқиб ўзим телефон қиламан" деган жавоб беради. Сиз хотиржам бўласиз. Аммо орадан ҳафталар, ойлар ўтса ҳамки сиздай пенсионерга қўнғироқ қилишга раҳбарнинг ғурури йўл қўймайди. Сиз эса "Чучварани хом санаб" юраверасиз, юраверасиз ва беихтиёр "Сув бошдан лойқа экан-да" деган фикр   миянгизни кемираверади, кемираверади...

Мен буларни ичимдан тўқиб ёзмадим, аксинча ҳаётий ҳақиқатни қаламга олдим, холос.

Юқоридаги тоифадагиларга нисбатан сўнгги сўз ўрнида: "Қуш ерсиз яшай олмайди. У қанчалик юксакликка парвоз қилмасин, албатта, заминга қайтади" дегим келади.

Қамбарали ИБРОҲИМОВ,

Янгиқўрғон туманида яшовчи журналист.