Воқеа бундай бўлган. У 2011 йилнинг ёз фаслида хотини ва фарзандини қолдириб, хорижга йўл солди. Аниқроғи, Қозоғистон Республикасининг Қарағанда шаҳрига борди. У ерда Азим Жалолбоев билан танишиб қолади.

Бу шахс жиноятчи эди. Диний-экстремистик ташкилотларидаги иштироки маълум бўлиб, расмий қидирувга тушганди. Афсуски, қурилишда ишлаб юрган пайтда Комил билиб-билмай тузоғига илинди. Гўё "дўстона" ёрдами ўзига тобора яқинлаштириб қўйди.

2012 йили Комил пул ишлаш мақсадида Россия Федерациясининг пойтахтига етиб борди. Иш топиш учун яна Азим билан боғланди. "Agent-ТV" ижтимоий тармоқдаги "Комил 72 77" номли профили орқали алоқага чиқиб, кўмак сўради. Азим уни Калининград шаҳрига чақирди. "Дўс­ти" яна бу сафар ҳам шартларини қўйди. У рози бўлди, иш топилди. Шифохона қурилишида меҳнат қилаётганлар қаторида Комилга ҳам таъсир ўтказиш бошланди. Флешкасини материалларга тўлдириб беришди. Буларнинг барчаси диний ақидапарастлик руҳида эди. Дин ниқобига ўралган ғоявий "оғу" янги меҳмонни ҳам тезда ўзгартириб юборди.

Азим асло бўшашмади. Йўлига юрган йигитларни, яъни қурилишда Комил билан бирга ишлаётган кичик жамоани бутунлай қўлга олди. Ҳатто уларни қўрқитишга ўтади: "Ўзбекистонга қайтиб бора олмайсизлар, ҳаммангизнинг исми-шарифингиз ички ишлар бошқармаси назоратига тушган, кимда ким юртига қайтиб борса, қамалади" деб мияларига қуйди.

Афсуски, қидирувдаги шахсни билган ҳолда уни яширган Комил жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттираверади. 2013 йилнинг 15 февралида "Домодедово-Наманган" авиа рейси орқали Наманган аэропортига келиб тушади. Бу ерда божхона назоратидан ўтишда декларация тўлдириб, унда кўрсатилганидек бошқа ҳеч қандай ашёлар ва валюта қимматликлари йўқлигини ёзиб, аслида эса ёнида бўлган диний-экстремистик маърузалар мавжуд флешкартани атайлаб яширди. Демак, Ўзбекистон ҳудудига уни олиб кирган. Сўнг материалларни ноутбукига кўчириб, 2016 йил 28 июль кунига қадар яшаш хонадонида сақлаб келган. Қачонки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари изидан тушиб, топишмагунча.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бў­йича Қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, тақдим этилган файллардаги маълумотлар "Ўзбекистон исломий ҳаракати" (Туркистон исломий ҳаракати) диний-экс­тремистик ташкилотига тегишлидир. Улар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, диний адоватни қўзғотишга хизмат қилиши, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллар эканлиги, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш таъқиқлангани кўрсатилган.

Ҳозирда жиноятчи айбига яраша жазосини олди. Шунга айтсалар керак-да "Қозонга яқин юрсанг, қароси юқади, ёмонга яқин юрсанг, балоси юқади" деб. Бу бошқаларга ҳам сабоқ бўлса ажаб эмас.

Ҳақ НАЗАР.