У ўзини гўё назоратдан четдаман, дея ўйлаб чучварани хом санаётган эди. 2015 йилнинг 14 март куни Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Наманган вилоят бош­қармаси, вилоят божхона бошқармаси ҳамда Наманган шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари ҳамкорлигидаги тадбирнинг "қаҳрамони"га айланди. Ҳайдарали шаҳардаги Марғилон кўчасида гиёҳванд модда олиб кетаётган деб гумонланиб, ҳушёр ходимлар томонидан тўхтатилди. Буни кутмагани учун у талвасага тушиб қолди. Уйига қочиб кириб, қўлидаги рангсиз целофан пакетга ўралган тўртбурчак шаклдаги нарсани ҳожатхонаси ичига ташлаб юбориб, сувдан қуруқ чиқишга уринди. Бироқ, ножўя ҳаракати шубҳани янада кучайтирди. Наманган шаҳар "Марғилон" маҳалла фуқаролар йиғини участка нозири Н. Камолов барибир текширувни охиригача етказишга ҳаракат қилди.

Маълум бўлдики, пакетдаги тахминан 200 грамм миқдоридаги нарса ўткир ҳидли, тўқ жигарранг кўринишдаги "гашиш" гиёҳванд моддаси экан. Ўша заҳотиёқ Ҳайдаралининг ёни холислар гувоҳлигида текширувдан ўтказилганида эгнидаги қора курткасининг ўнг олд чўнтагидан узун, овал шаклидаги рангсиз скоч билан қора целофанга ўралган, тахминан 100 граммча яшил нарса "марихуана" эканлиги аниқланди.

Оғуфуруш Ҳ. Зупаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг бир неча моддалари бў­йича айбли топилди. Унга 11 (ўн бир) йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Гиёҳвандларга ҳам, гиёҳфурушларга ҳам бизнинг жамиятимизда ҳеч ўрин йўқ! Улар салбий ҳатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб бераверадилар. Соғлом турмуш тарзи ҳамишалик ҳимояда. Унга путур етказувчиларга ҳеч вақт шафқат қилинмайди.

Хақ НАЗАР.