Бўлимимизга маслаҳат сўраб келган фуқароларнинг бири шундай савол билан мурожаат қилди: "Тиббиёт ходими йиллик меҳнат таътилига чиққан вақт ичида уни мажбурий малака ошириш курсларига жўнатилса, меҳнат таътили мажбурий малака ошириш кунлари миқдорича узайтириладими, шу кунлар учун ҳақ тўланадими?" Тўғрисини айтсам, бунгача ҳам шу мавзудаги сўровлар кўп бўлган. Фуқарога қониқарли жавоб ва маслаҳатлар бериш билан бирга, ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган мулоҳазаларни "Шификор ва ҳаёт" газетаси орқали баён қилиш кўпчилик учун фойдали бўлар деган қарорга келдим.
Бундай вазиятда ходимнинг таътилини узайтириш имконсиз. Чунки бу ҳолат Меҳнат Кодексининг "Ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки уни бошқа муддатга кўчириш" тартиблари белгиланган 229-моддаси 1-қисмида назарда тутилган рўйхатга киритилмаган.
Ходимни фақат унинг розилиги билан таътилдан чақириб олиш мумкин. Чақириб олиш муносабати билан таътилнинг фойдаланилмаган қисми ходимга мазкур иш йили давомида бошқа вақтда ёки Меҳнат кодексининг 230 ва 231-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя қилинган ҳолда кейинги иш йилида берилиши керак. Вариант сифатида таътилнинг қолган қисми малака ошириш курсларини тугатгандан сўнг дарҳол берилиши ҳам мумкин.
Ходимни таътилдан чақириб олишнинг иложи бўлмаганда, масалан, у чақириб олишга рози эмас, бошқа мамлакатдан қайтиб кела олмайди. Бундай ҳолларда, ушбу ходимнинг малака оширишини бошқа вақтга режалаштириш илтимоси билан малака ошириш ташкилотчисига мурожаат қилишни тавсия этамиз.
Таъкидлар эдикки, касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш ва малака ошириш режаси мавжуд бўлса, ўша вақтда уларга жалб этиладиган ходимлар учун меҳнат таътили режалаштирмаслик мақсадга мувофиқ.
Ходимларни қайта тайёрлашга ва малакасини оширишга бўлган заруратни иш берувчи белгилайди, бундан ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш зарурати меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ҳоллар мустасно .
Ходимларни қайта тайёрлашга ва малакасини оширишга юбориш тартиби меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланади.
Ходим мажбурий қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилган тақдирда, иш берувчи қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида ходимнинг иш жойини (лавозимини) ва ўртача иш ҳақини сақлаб қолиши шарт .
Ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шакллари, зарур касблар ҳамда мутахассисликларнинг рўйхати иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда белгиланади.
Султонхон ХОЖАЕВ,
Чуст тумани адлия бўлими
бош юристконсульти.