Бир қарашда содда, меҳнаткаш кўринган бу шахснинг аслида қонун талабларини менсимайдиган, чегара атрофида бамайлихотир қўй-эчки боқишдан тап-тортмайдиган ўзбошимча кимса эканлиги бугунги кунда кўпчиликка аён. Сабаби, у яқинда жиноят ишлари бўйича Поп туман суди курсисига ўтиришга мажбур бўлди. Ўзининг айтишича "Ҳайвон - ҳайвон-да, чегарани қаердан билсин!" эмиш эгаси, яъни ўзи гўё беайбдай. Хуллас, қонун баҳонани эмас, ҳаётий ҳақиқатнинг далил ва исботни талаб этади. У буни қачонки, ҳарбийлар қўлига тушганда, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идора ходимлари томонидан тергов қилинганда англаб етди.

Мирзовали Ашуровнинг жиноий қилмиши Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 223-моддаси 1-қисми билан квалификация қилинган. Чунки судланувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йилдаги 408-сонли қарори билан тасдиқланган "Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишлари ҳақида"ги қарори ва 2000 йилдаги 259-сонли қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожи­кис­тон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида"ги Битимнинг 16-бандида битим тузувчи томонларнинг фуқаролари фақат махсус ўтиш масканлари орқали давлат чегараларидан ўтиши мумкинлиги қайд этилган тартибни бузиб, Тожикистондан Ўзбекистонга ўтган. Айбдорга жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддаси қўлланди. Энг кам иш ҳақининг 7 (етти) баробари миқдорида жарима тўлаш жазоси тайинланди.

Чегарани менсимасликнинг оқибати шу. Агар яна такрорланса, қўлланиладиган жазо ҳам янада кучайтирилади. Ҳеч кимга давлат чегарасининг хоҳлаган жойидан кесиб ўтиш ҳуқуқи берилмаган. Махсус жойлар орқалигина қўшни ерига "меҳмон" бўлиши шарт. Акс ҳолда уни эъзоз эмас, жазо кутади.

Ҳақ НАЗАР.