Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-5618-сонли Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган "2022-2023 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги 259-сонли қарорига биноан "Коррупцияга қарши курашиш ойлиги" ўтказилмоқда.

Ойликдан кўзланган мақсад коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, коррупциявий ҳаракатларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш, уларнинг оқибатлари, келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишдан иборат.

Коррупцияга қарши курашишда давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви тушунчаси ва шаклларини англаш муҳим аҳамиятга эга. "Манфаатлар тўқнашуви" ҳуқуқий атама сифатида Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунида келтириб ўтилган. Давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги ўзгаришлар натижасида давлат хизматида коррупция ўзининг турли яширин ва замонавий кўринишлари билан юзага келади. Бунда коррупциоген хусусиятга эга бўлган ҳуқуқбузарликлар нафақат моддий пул ва қийматликлар асосида, балки турли ҳаракатларни амалга ошириш ёки оширмаслик натижасида, давлат ва жамият ҳаётига зарар етказишга олиб келади. Манфаатлар тўқнашуви замирида ҳам айнан турли якка шахс ва гуруҳларнинг, тарафларнинг манфаатлари билан давлат ва жамият манфаатлари тўқнашуви юзага келади.

Қонунчиликка кўра, давлат хизматидаги манфаатлар тўқнашуви, бир томондан, давлат ва жамият манфаатларининг, иккинчи томондан эса, давлат фуқаролик хизматчиси манфаатларининг тўқнашувида, ўзаро келишмовчиликларида юзага келадиган ҳолат ҳисобланади. "Манфаатлар тўқнашуви" тушунчаси мазмунида бевосита сиёсий, иқтисодий ва шахсий манфаатлар юзасидан келиб чиқадиган тўқнашув, зиддиятлар ётади, яъни шахснинг ўз манфаатидан фойдаланиши ёки фойдаланишга уриниши ортидан бошқа шахсларнинг иқтисодий, сиёсий ёки бошқа тусдаги манфаатларига зиён етади.

"Манфаатлар тўқнашуви" тушунчасининг асосий хусусиятини шахсий манфаатдорлик ташкил этади. Шахсий манфаатдорлик эса, молиявий даромадлар кўриш шаклидаги иқтисодий, хизмат ваколатларидан фойдаланиш бўйича ҳуқуқлар яратишда ифодаланадиган сиёсий, шунингдек, ўзи ва тарафдошлари учун имконият яратадиган шахсий манфаатдорликдан иборат бўлади. Шахсий манфаатдорлик бевосита – давлат хизматчисининг ўзи билан боғлиқ бўлса ҳам ёки билвосита, яъни – давлат хизматчисига тўғридан-тўғри манфаат олиб келмаган тақдирда ҳам унинг қариндошига, бошқа танишларига, шунингдек, у билан ишбилармонлик муҳитида бўлган шахслар билан боғлиқ ҳолда юз берса ҳам ҳолатга манфаатлар тўқнашуви сифатида баҳо бериш мумкин.

Бундан ташқари, манфаатлар тўқнашуви ва унинг юридик табиати халқаро доирада қабул қилинган турли ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган. Хусусан, Давлат мансабдор шахсларининг халқаро хулқ-атвор кодексида ўзида манфаатлар тўқнашувини ифода этадиган қуйидаги нормалар белгиланганини кўришимиз мумкин:

– давлат мансабдор шахслари хизмат лавозимларидан ўзи ёки оиласининг шахсий ёки молиявий манфаатлари йўлида ҳуқуққа хилоф равишда фойдаланмасликлари;

– давлат мансабдор шахслари ҳеч қандай битимларда қатнашмаслиги, бирор-бир пози­цияни эгалламаслиги, хизмат вазифалари ва функ­цияларини амалга оширишда ҳеч қандай мо­лиявий манфаатларга эга бўлмасликлари;

– хизмат давомида юзага келадиган шахсий, тижорат ёки молиявий манфаатдорлик ҳақида белгиланган тартибда хабар беришлари ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этишга ҳаракат қилишлари;

– мансабдор шахслар хизмат вазифаларини бажариш вақтида ўзларига маълум бўлган хизмат сиридан ғайриқонуний мақсадда фойдаланмасликлари;

– давлат мансабдор шахслари хизмат лавозимидан кетганидан сўнг ҳам қонунчилик ёки маъмурий регламентда белгиланган тартибда ҳаракат қилиши, аввалги лавозимни суиистеъмол қилмасликлари керак.

Манфаатлар тўқнашуви турли шаклларда ва ҳолатлар натижасида юзага келади. Масалан:

– мансабдор шахслар, давлат хизмати ходимлари, депутатларнинг тижорат фаолиятида шахсий ёки корпоратив наф кўриш учун бевосита иштирок этиши;

– давлат пул маблағларини ўзлаштириш ниятида тижорат тузилмаларига ўтказиш учун ўз хизмат мавқеидан фойдаланиши;

– ўз корпоратив (сиёсий, диний, миллий ва шу каби) гуруҳига давлат ресурслари ҳисобидан имтиёзлар бериш;

– шахсий ёки корпоратив наф кўриш мақсадида, оммавий ахборот воситаларига тазйиқ ўтказиш учун ўз хизмат мавқеидан фойдаланиш;

– мансабдор шахслар ва давлат хизмати ходимлари шахсий бойиш мақсадида, тижорат тузилмаларида сохта шахслардан ва қариндошларидан фойдаланиши;

– муайян гуруҳ манфаатларини кўзлаб норматив-ҳужжатлар қабул қилиш ҳақидаги карорларни илгари суриш;

– айрим номзодларнинг сайлов фондларига давлат молиявий ва моддий ресурсларини тақдим этиш;

– шартномалар, битимлар тузишга имконият яратиб берганлик учун ҳақ талаб қилиш;

– давлат бюртмаларини жойлаштирганлик учун воситачилик ҳақи сўраш;

– масалаларни тез ҳал қилиб бериш ёки ҳужжатларни тайёрлаб берганлик учун ҳақ сўраш;

– қариндош-уруғ, дўстларни ишга жойлаштириш.

Манфаатлар тўқнашуви давлат хизматчиси хизмат вазифаларига кирадиган ҳаракатларни амалга ошириши ва ёки оширмаслиги натижасида шахсий манфаатдорлик асосида учинчи шахсларнинг, давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига иқтисодий ва бошқа тусдаги зарарларни етказишга сабаб бўлади.

Боймирза УСМОНОВ,

ВССБ юрисконсульти.