Абдураҳмон САФАЕВ,
Наманган вилояти судининг фуқаролик
ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси
Бугунги кунда кўплаб ижтимоий тармоқларда тиббиёт ходимларига нисбатан куч ва зўравонлик ишлатиш ва уларнинг фаолиятига аралашиш ҳолатлари содир этилаётганлиги ёритиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, шошилинч тиббий ёрдамни ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тармоғини ўз ичига олувчи уч босқичли миллий тиббиёт модели яратилди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлиги, сифати ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда. Бундан аҳоли ғоят мамнун эканлиги телевидение, матбуот ва ОАВ, интернет тармоқларидаги миннатдорчиликларида намоён бўлиб турибди.
Аммо баъзи ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларга беписанд шахслар томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларини асоссиз равишда айблаш, ҳатто, ҳеч бир сабабсиз уларга тажовуз қилиш ҳоллари юз бермоқда.
Бироқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги амалдаги кодексида хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, шунингдек тиббиёт ходимларининг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарлик белгиланмаган эди.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги 1977-модда билан тўлдирилди.
Мазкур моддада тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилган ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига ноқонуний равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказилган тақдирда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етти бараваридан ўн бараваригача, яъни 2 миллион 310 минг сўмдан 3 миллион 300 минг сўмгача жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига ноҳақ аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.