Ўзбекистон Республикаси Президенти "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонунни имзолади. Қонун орадан 3 ой ўтгач кучга киради.

Давлат фуқаролик хизмати деганда "Давлат хизматининг бир тури, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолияти тушунилади".

Қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган этиб Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланмоқда. У ўз ваколатлари доирасида давлат идораларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, давлат хизматига кадрларни танлов асосида танлашни ташкил қилади, давлат хизматчиларининг самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар (асосий кўрсаткичлар) тизимини жорий қилади ва уларнинг натижаларини таҳлил қилади, жамоатчилик фикрини ўрганади ва давлат органлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этади.

Шунингдек, агентлик давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун тегишли шарт-шароитлар яратишда ёрдам кўрсатади.

Ўзбекистон фуқароси давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланган пайтдан эътиборан давлат фуқаролик хизматчиси ҳуқуқий мақомига эга бўлади ва давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти тугатилиши муносабати билан уни йўқотади.

Давлат фуқаролик хизматчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

*          ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг ўзига хос хусусияти ва мураккаблигига, бажарилган ишларнинг миқдори ҳамда сифатига мувофиқ ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олиш;

*          касбий компетенциялари ва алоҳида хизматлари учун рағбатлантириш;

*          давлат органининг маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан мунтазам равишда малакасини ошириб бориш;

*          меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда шартларда меҳнат шарт­номасига ўзгартишлар киритиш ва шартномани бекор қилиш;

*          ўз мансаб ваколатларини, хизмат мажбуриятларини ва жавобгарлигини белгиловчи лавозим йўриқномаси ва бошқа ҳужжатлар билан танишиш;

*          меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлган иш ўрнига эга бўлиш;

*          давлат органи раҳбариятининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш;

*          давлат фуқаролик хизматидаги корруп­ция­га оид ҳуқуқбузарликлар фактлари тўғрисида хабар берган тақдирда давлат ҳимояси билан таъминланиш;

*          ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат органининг раҳбарияти ҳамда бошқа мансабдор шахслар томонидан ҳурмат қилиниши.

Давлат фуқаролик хизматчиси қуйидагиларга мажбур:

*          Конституцияга ва бошқа ҳужжатларга риоя қилиш;

*          ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажариши, давлат органи томонидан белгиланган одоб-аҳлоқ қоидаларига, хизматга оид ахборот билан ишлаш тартибига, шунингдек давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бошқа қоидаларга риоя этишга;

*          манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлишга;

*          давлат органининг нуфузини туширишга олиб келиши ёки унинг ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажаришга шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан (ҳаракатсизликдан), шу жумладан ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда ҳар қандай шаклдаги камситишдан, нохолисликдан ёки кимгадир нисбатан алоҳида муносабатда бўлишдан тийилишга;

*          ўз хизмат мавқеидан шахсий ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланмаслиги, шунингдек ўз хизмат фаолиятига, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва фуқароларнинг фаолиятига қонунга хилоф таъсир кўрсатилишига йўл қўймасликка;

*          давлат сирларини ёки қонун билан кўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги талабларга риоя этиши, шунингдек, ўз хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида олинган мазкур маълумотларни ошкор қилмаслиги, шу жумладан давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти тугаганидан кейин ошкор этмасликка;

*          қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни тақдим этишга;

*          давлат мулкининг бут сақланишини таъминлаши, ўзига ишониб топширилган давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланишга;

*          ўзининг касбий компетенциясини мунтазам равишда ошириб боришга.

Қонун билан давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ҳам ўрнатилган. Унга кўра, давлат фуқаролик хизматчиси қуйидагиларга ҳақли эмас:

*          ўзаро яқин қариндошликка ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар билан (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат органида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллашга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

*          педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, Ўзбекистон Республикаси Қонунларида ҳамда Президент қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;

*          тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;

*          тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга, бундан АЖларнинг эркин муомалада бўлган акцияларига қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида эгалик қилиш ҳоллари мустасно;

*          ўзи хизмат қилаётган давлат органи назорати остидаги ёки у билан алоқалар ва манфаатларга эга бўлган ташкилотлардаги улушларни, пайларни ва акцияларни бевосита ёки вакиллар орқали олишга;

*          ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олишга;

*          чет давлат фуқаролигини олишга;

*          қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ёки афзалликлардан ўз хизмат мавқеи билан боғлиқ ҳолда фойдаланишга;

*          Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга, бундан чет давлатда таълим олиш, стажировка ўташ ва тиббий хизматлардан фойдаланиш мақсадида очилган ҳисобварақлар, шунингдек давлат фуқаролик хизматига киришдан олдин олинган ва ошкор қилинган мол-мулк мустасно;

*          ўзининг ваколатларини сиёсий партияларнинг, бошқа жамоат бирлашмалари ва улар органларининг манфаатларини кўзлаб амалга оширишга.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс давлат хизматига қабул қилингандан ке­йин тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Белгиланган чекловларга риоя қилмаслик давлат фуқаролик хизматчисини интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асосдир.

Давлат фуқаролик хизматчисининг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шунингдек хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Давлат фуқаролик хизматчисининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органи томонидан қопланиб, ушбу зарар кейинчалик айбдор бўлган хизматчидан ундириб олинади.

Қонунда давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳам кўзда тутилган. Улар қаторига давлат фуқаролик хизматчиси аҳлоқий хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш, давлат хизматлари учун совғалар олиш ва тақдим этиш тартибини белгилаш, ижтимоий ҳимояси, моддий таъминоти ва рағбатлантиришни таъминлаш киради.

Агар давлат фуқаролик хизматчиси коррупция фактлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлса, у коррупциянинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриши, шу жумладан юқори турувчи давлат органини (мансабдор шахсини) ёки коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органига дарҳол хабар қилиши ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этиши керак. Коррупция ҳақида хабар берган давлат фуқаролик хизматчиси давлат ҳимоясида бўлади.

Ҳужжатда шунингдек, давлат фуқаролик хизматида совғаларга нисбатан муносабатда бўлиш шартлари қайд этилган. Давлат фуқаролик хизматчисига (унинг оила аъзоларига) бепул берилган, моддий қимматга эга бўлган мол-мулк ёки унга (унинг оила аъзоларига) беғараз кўрсатилган хизмат совға деб ҳисобланади.

"Давлат фуқаролик хизматчисининг хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совғалар олиш тақиқланади. Бундан давлат фуқаролик хизматчиси томонидан алоҳида хизматлари учун давлат органининг тегишли қарори асосида олинган совғалар, шунингдек, мусабақалар ва танловларда эришган ютуқлари, давлат байрамлари, нишонланадиган саналар ҳамда бошқа расмий тадбирлар муносабати билан мукофотлаш натижасида олинган совғалар мустасно", - де­йилади қонунда.

Қонунда белгиланганидек, давлат фуқаролик хизматчилари белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт.

Илҳомжон ТЎРАЕВ,

Наманган шаҳар юридик хизмат

кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.