САВОЛ: Мен туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги тез тиббий ёрдам бўлимида 1.0 ставка штат бирлигида кундузги врач бўлиб ишлайман, иш берувчи томонидан бўлимда шифокорлар етишмаганлиги сабабли вакант иш ўрини борлиги учун менинг розилигим билан 0.75 ставка штат бирлигида қўшимча навбатчилик иши қўшиб берган. Ташкилотимизга текширувчи келиб, менга белгиланган штат бирлигидан ортиқча ишлаб юборибсиз деб айтяпти. Бўлимда врачлар камлиги, врачларни меҳнат таътилига чиққанлиги ёки бемор бўлиб касаллик варақасида бўлганлиги, узрли сабабларга кўра ишга келмай қолган врачларнинг ишларини бажариш учун бўлимда қўшимча навбатчиликка турганлигим меҳнат қонунчилигига зидми?
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган "Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида"ги Низомига кўра ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланади.
Ушбу Низомнинг 5-бандида ўриндошлик асосида ишлашга, агар ушбу Низомда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилиши белгиланган. Бундан кўриниб турибдики, ўриндошлик асосида ишлашда ходим билан алоҳида шартнома тузилади. Унда меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ходим ва иш берувчи келишуви асосида белгиланади. Шунингдек, ушбу Низомнинг 7-бандида "Ўриндошлик асосида ишлашда ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (соғлиқни сақлаш тизими врач ходимлари бундан мустасно). Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин. (7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 октябрдаги 362-сонли қарори таҳририда - ЎР ҚҲТ, 2016 й., 43-сон, 504-модда).
Ички ўриндошлик асосида ишлашда иш вақтини ҳисобга олиш асосий иш бўйича ва ўриндошлик асосидаги иш бўйича алоҳида-алоҳида юритилади. Бундан ташқари, Низомда "Ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишлар рўйхати" илова қилинган. Шу рўйхатнинг 3-банди 6-хатбошисига кўра: Тиббиёт ходимларининг белгиланган вақт нормасидан ортиқча навбатчилик қилиши ўриндошлик иши саналмайди. Бундан кўриниб турибдики, соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи врачларга ўриндошлик ишларининг иш вақти нормасига оид талаблари тадбиқ этилмайди ва шу сабабли ҳам улар қўшимча навбатчилик билан бемалол шуғулланишлари мумкин. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида - ишланган вақтга мутаносиб тарзда амалга оширилади.
Аббосхон МАМАДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилоят
Кенгаши раиси.