Мамлакатимизда коррупцияга карши кескин кураш олиб бориляпти. Бу иллатнинг пайини қирқиш учун тегишли чора-тадбирлар қўлланилмоқда. Афсуски, айрим кимсалар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони камайиши қийин кечаётганлиги сир эмас. Яқинда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди ўтказган сайёр суд мажлисида оқ халатга доғ туширган шахслардан бирига ҳукм ўқилди.
Суднинг қора курсисида ўтирган киши ўзига яраша обрў-эътиборга эга, Чуст тумани тиббиёт бирлашмасида раҳбарлик лавозимида ишлаш билан бирга РШТЁИМ Наманган филиалида навбатчи жарроҳлик ҳам қилар эди. Лекин пешона тери билан топаётган даромад унга камдек кўринди. Нафс қутқуси малакали шифокорни қинғир йўллар билан бойлик орттиришга ундагандек гўё. Акс ҳолда тажрибали, мартабали мутахассис бугунги танг ҳолатга тушмаган бўлар эди.
Судланувчи М.Б. таниши А.Ж.ни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ихтисослаштирилган автокорхонасига ишга киритиб қўйиш ва унга танишлари орқали ҳайдовчилик гувоҳонамасини "Д" тоифасига ўтказиб беришга ваъда қилиб, хизматлари учун 700 АҚШ доллари берилишини айтиб, бу пулнинг бир қисмини фирибгарлик йўли билан олаётган пайтида ушланганди.
Суд мажлиси давомида жиноят ишидаги Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўйилган айб ўз исботини топди. Судланувчи қилган ишидан ўта пушаймонлигини айтиб, унга енгиллик берилишини сўради.
Суд томонидан М.Б.га 3 йил муддатга тиббиёт тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш жазосини белгиланди.