Маълумки, 2022 йилнинг 1 апрелидан пенсия тизимида янги нафақа турлари жорий қилина бошланди. Шулардан бири - ўзгалар парваришига муҳтож, 18 ёшгача ногирон болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500.000 сўм миқдорида нафақа тўланмоқда. Бунинг учун қандай тартиблар ва талаблар борлиги билан кўпчилик қизиқса керак. Шуни ҳисобга олиб, зарур маълумотларни келтириб ўтамиз.
2022 йил 17 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти "Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" Фармон қабул қилган. Юқоридаги нафақа шу Фармонга мувофиқ берилади. Янаям аниқроқ айтилса, бу ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган (34 та турдаги касалликлар бўйича)ларни парваришловчилар учун йўлга қўйилган.
Зарур ҳужжатлар бўлиши учун қаерларга мурожаат этиш керак? - деган савол ҳам туғилиши табиий. Биринчидан, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача ногирон болани парваришлаётган ота-онасидан бири ёки уларнинг қонуний вакиллари ўзлари яшаб турган ҳудудга хизмат кўрсатувчи тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси (ТИЭК)га мурожаат қиладилар. Бу комиссия бола тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритиб, Пенсия жамғармасига электрон шаклда юборади. Шундан сўнг ота-онадан бири ёки уларнинг қонуний вакиллари фуқаролик паспорти билан Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилган мурожаатлари асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан нафақа тайинланади ва тўланади. Нафақа тўлаш муддати ногиронлик даврига қараб белгиланади.18 ёшга тўлгунга қадар тўланиши белгилаб қўйилган.
Ҳошимжон МАМАТҚУЛОВ,
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси
Тўрақўрғон туман бўлими бошлиғи ўринбосари.