Бугунги кунга келиб мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган тоифаларига давлат томонидан кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди. Хусусан, "Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2021 йил 8 январдаги Ҳукумат қарори билан хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида "Аёллар дафтари"ни юритиш тартиби йўлга қўйилди. Айни вақтда эса "Аёллар дафтари" қандай дафтар ва унга қандай тоифадаги аёллар киритилиши аҳолининг аксарият қисмига маълум бўлиб улгурди. Бундан ташқари "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар учун етарлича имкониятлар яратилди. Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги 145-сон қарорига 1-илова сифатида тасдқиланган "Аёллар дафтари"ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги Низом билан "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар учун бир қатор имкониятлар яратилган.
Жумладан, "Низом"га мувофиқ маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоли кўмаги билан:
- зарур ҳолларда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида сектор раҳбари хулосаси асосида, бир марталик моддий ёрдам бериш;
- аёллар дафтарига киритилган боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар ва қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд хотин-қизлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам бериш;
- боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар учун сектор раҳбари хулосаси асосида, оғир турмуш шароитидаги (уй-жойи таъмирлашга муҳтож, бироқ оиласининг моддий имконияти етмайдиган);
хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш мақсадида базавий ҳисоблаш миқдорининг
30 бараваригача миқдорида моддий ёрдам бериш;
- уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар учун турар жой ижараси учун тўловларнинг 50 фоизи, лекин кўпи билан 500 минг сўмгача турар жой ижараси учун компенсация тўлаш;
- "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар ва (ёки) уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъий назар) фарзандларига даволаш, дори-дармон олиб бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача ёки мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун маблағ зарур бўлган ҳолатларда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси ва сектор раҳбари хулосалари билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача тиббий муолажа харажатларини тўлаб бериш каби имкониятлар яратилди.
Шуниннгдек, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиси тавсияси ёки кўмаги билан:
- тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 33 миллион сўмгача кредит ажратиш, хусусан, хотин-қизларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хомашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 миллион сўмгача миқдорида кредит маблағларини нақд пулда бериш;
- базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваригача Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган (таълим шаклидан қатъий назар) "Аёллар дафтари"га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизлар ёхуд уларнинг олий таълимда таҳсил олаётган икки ва ундан ортиқ фарзандларининг бир нафарига бир маротаба тўлов-контрактини тўлаб бериш;
- тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизларга асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари (тикувчилик, тўқимачилик, пазандачилик, соч турмаклаш, дурадгорлик, чилангарлик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги (мотокултиватор, ўт ўриш ўроқ машинаси, пайвандлаш аппарати, ўсимликларга ишлов бериш қурилмаси) ва бошқа соҳаларда ишлатиладиган меҳнат қуроллари ва аппаратларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача, Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибда ёки 10 миллион сўмгача, "Аёллар дафтари" жамғармаси маблағлари ҳисобидан жамғарманинг Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ субсидия ажратиш каби қулай имкониятлар ҳам жорий қилинди.
Қўшимча тарзда айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги қарори билан "Аёллар дафтари"га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли рўйхат асосида устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига ҳам эга бўлди.
Ҳусанбой АҲМАДХОНОВ,
Тўрақўрғон туман юридик хизмат
кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.