Адолат тамойиллари устувор юртимизда ногиронлиги бўлган инсонларга ҳам доимий ғамхўрлик кўрсатилади. Бу эса Ўзбекистон Республикасининг "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонуни билан кафолатлаб қўйилган. Шунингдек, Президентимизнинг "Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, "Саховат" ва "Мурувват" интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида"ги (2021 йил 25 март) фармони ҳамда "Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги (2021 йил 27 ноябрь) қарори ишимизни янги давр талаблари даражасида олиб боришимизда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралдаги "Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати ташкилий тузилмасини ва фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида" ги қарорига мувофиқ иш юритяпмиз. 62-сонли мазкур қарор билан тасдиқланган "Фуқароларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низомда барча вазифаларимиз, масъулиятимиз ва тартибларимиз тўлиқ ифодасини топган. Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси - ТИЭК қуйидаги фаолият билан шуғулланади:

Аввало, ТИЭК текширувидан ўтказилаётган шахснинг клиник-функ­ционал, ижтимоий, касбий меҳнат ва психологик маълумотларини комплекс баҳолаш асосида унинг соғлиғи йўқолганлиги ҳамда организмининг функциялари турғун бузилганлиги учун ҳаёт фаолияти чекланганлиги даражасини, ногиронлик гуруҳини, ногиронликнинг бошланиши сабабларини, вақтини аниқлайди. Шунингдек, шахс учун соғлиғининг ҳолатига кўра мумкин бўлган меҳнат фаолияти турлари ва зарур меҳнат шароитлари, ўзгаларнинг парваришига, санаторий-курортда даволанишининг тегишли турларига, ижтимоий ҳимояга бўлган эҳтиёжи тўғрисида тавсиялар беради.

Фуқарони ногиронлиги бўлган шахс деб топиш ТИЭК томонидан, ўн саккиз ёшгача болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш эса - педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси (вилоятда иш юритади) томонидан амалга оширилади.

Тиббий-ижтимоий экспертиза натижалари бўйича ногиронлиги бўлган шахс деб топилган фуқарога - ногиронлик гуруҳи, унинг белгиланиши сабаби ва муддатлари, ўн саккиз ёшгача болаларга эса - қайта текширувдан ўтиш муддати билан "Ногиронлиги бўлган бола" тоифаси белгиланади.

ТИЭКда фуқароларни кўрикдан ўтказиш бепул амалга оширилади. Ўзбекистон фуқаролари, мамлакатимиз ҳудудида домий яшайдиган хорижий давлат фуқаролари ва тиббий муассасаларнинг йўлланмасига эга фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам кўрикдан ўтказилади.

Карантин (эпидемия ва пандемия) тадбирлари, тибиий офатлар, табиий ва техноген тусдаги фавқулодда ҳолатлар даврида кўрик электрон шаклда тақдим қилинган тиббий ҳужжатлар асосида сиртдан ўтказилиши мумкин.

Тиббий муассасаси раҳбари ТИЭКга тақдим этилаётган ҳужжатларнинг асослилигига, тўлиқлилигига ва ўз вақтида юборилаётганлигига жавобгар ҳисобланади.

Низом талабига мувофиқ касаллиги туфайли узлуксиз 4 ой, узилишлар билан 6 ой давомида даволанишга қарамасдан (силга чалинган бемордан ташқари) ҳаёт фаолиятининг чекланиши, шунинг­дек, организм функциясининг тур­ғун бузилиши сақланиб қолган шахс­лар;

силга чалинган шахсларда касаллик бирламчи аниқланган ҳолларда охири 12 ойда узлуксиз 10 ой, шунингдек, силга қарши диспансерда аввал ҳисобда туриб, асосий касаллиги зўрайган ҳолларда 6 ой давомида даволанишига қарамасдан ҳаёт фаолиятининг чекланиши, организм функциясининг турғун бузилиши сақланиб қолган шахслар кўрик учун қабул қилинади.

Яна бир ҳолатга Низомда алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлар, шунингдек, нохуш клиник прогнозларга эга касалликларга чалинган ва уларнинг асоратлари бўлган шахсларнинг тиббий ҳужжатлари юқорида кўрсатилган муддатлардан олдин, клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, ТИЭКга юборилади. Тақдим қилинган тиббий ҳужжатлар асосида шахснинг иштирокисиз улар ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этилганда ногиронлик муддатсиз белгиланади.

Агар юқоридаги келтирилган ҳолатларда 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронлик хулосаси 18 ёшга тўлгунгача бўлган муддатга берилади.

Туманлараро тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиямиз Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманлари аҳолисига хизмат кўрсатади. Биз "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да ўз фаолиятимизни янги тартиб ва талабларга мувофиқ ҳолда тобора такомиллаштириб бормоқдамиз. Энди хонада ўтириб ишлаш билан чегараланиб қолмасдан тез-тез халқ ҳузурида бўлиб саломатлигида нуқсони борларни жойида аниқлаб, уларни йил бошиданоқ хатловдан ўтказдик. Уларнинг рўйхати тўла шакллантирилди. Маълумотлар нафақат қоғозда мавжуд, балки электрон базага ҳам киритилган.

Энди бирор нафар қўллаб-қувватлашга муҳтож ногиронлиги бор инсон меҳр-эътиборимиздан четда қолмайди. Комиссиямиз адолат тамойилларига тўла амал қилиб, уларнинг ижтимоий ҳи­мояси ҳамда соғломлаштириш тадбирлари билан жиддий шуғулланаверади. Бундай инсонларни қўллаб-қувватлаш, меҳнатга лаёқатини яна тиклаш, ўзига мос фаолиятга йўналтириш учун ҳам ўз вақтида зарур чора-тадбирлар кўриб бораверамиз.

Баҳриддин КАРИМОВ,

58-туманлараро тиббий-ижтимоий экспертиза

комиссияси раиси.