Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддасига биноан, иш берувчи томонидан номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномаси ҳам қуйидаги сабаблардан бири мавжуд бўлганда бекор қилишга ҳақли бўлади:

* технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги;

* ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;

* ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги.

* ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши;

* ходимда ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқининг пайдо бўлганлиги.

Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди (корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно).

Бироқ, айрим ҳоларда иш берувчилар томонидан Қонуннинг мазкур талабига риоя қилинмасдан, ходимларнинг меҳнатга қобилиятсизлик даврида ёйинки ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмоқда.

Меҳнат соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари амалга оширади. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилиш - шунга махсус вакил қилинган давлат органлари, уларнинг инспекциялари ҳамда касаба уюшмалари томонидан амалга оширади.

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда меҳнатни муҳофаза қилиш давлат сиёсатига асосланган бўлиб, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланган. Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир.

Э. ТОШМАТОВ,

Наманган шаҳар юридик хизмат кўрсатиш

маркази бошлиғи.