(Давоми. Бошланиши газетамизнинг 2-сонида).

Яъни, тиббиёт муассасаси беморни даволайди, иш берувчи ёки давлат кўрсатилган хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Мазкур ҳолатда, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси иштирокчилари бўлиб давлат ёки иш берувчи-буюрт­мачи сифатида, бемор-наф олувчи сифатида ва тиббий муассаса эса хизмат кўрсатувчи ёки ижрочи сифатида намоён бўлади. Бироқ шартноманинг бундай кўп тарафлама бўлиши, яъни наф олувчи тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 38-бобида назарда тутилмаган.

Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида учинчи шахс буюртмачи сифатида қатнашган ҳолларда беморнинг наф олувчи сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади, яъни бемор сифатли, малакали тиббий хизматдан фойдаланиши, дори-дармонлар билан имтиёзли таъминланиши, ўз соғлиғи ҳақида маълумотлар олиши, тегишли тартибда меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик варақаси олиши ёки тиббий хизмат кўрсатилишини рад этиши ёхуд тиббий аралашувни рад этиш ва бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади.

Бироқ фуқаронинг соғлиғи Фуқаролик кодексида шартномавий муносабатлар объекти сифатида назарда тутилмаган.

Шу сабабли, тиббий хизмат кўрсатиш шартномаси кўп тарафлама бўлиши мумкинлиги ва у ўз ичига аралаш шартномавий муносабатларни қамраб олиши, фуқаронинг соғлиғи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида шартномавий муносабатлар объекти сифатида назарда тутилмаганлиги, тиббий хизмат кўрсатиш шартномасини бекор қилиш ёки шартнома шартларини бажаришдан бош тортиш ҳуқуқлари бошқа шартнома турларига нисбатан кескин фарқ қилиши мумкинлиги, ушбу ҳолатлар амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексидаги тўлиқ қамраб олинмаганлиги сабабли, фикримизча, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 38-бобини қайта кўриб чиқиш ва унда ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини тузиш ва расмийлаштириш тартиби, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасининг асосий қоидалари, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида ижрочининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, буюртмачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, наф олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартнома шартларини бузганлик учун жавобгарлик, сифатсиз хизмат кўрсатиш оқибатлари, сифатсиз хизмат кўрсатилганда буюртмачи ёки наф олувчининг ҳуқуқлари, шартноманинг бекор бўлиши каби моддаларни киритиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ф-5464-сон Фармойиши билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси қабул қилинди . Ушбу концепция билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш ва унда замонавий бозор шароитларида талаб этиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар ва муносабатларнинг алоҳида шакллари, шу жумладан, давлат-хусусий шерикчилиги, кластер ишлаб чиқариш ва бошқаларни тартибга солиш назарда тутилиши белгиланган.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқишда ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасига оид бугунги кундаги бозор шароитларида талаб этиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар ва муносабатлардан келиб чиқиб, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасига оид қоидаларда буюртмачи, ижроси ва наф олувчи тушунчаларини, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Аброржон КАРИМОВ,

Наманган туманлараро иқтисодий судининг

раиси, PhD доктори.