"Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун (ЎРҚ-752-сон, 09.02.2022 й.) Президент томонидан имзоланди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, ногиронлик пенсиялари Чернобил АЭСдаги авария оқибатида III гуруҳ ногирони бўлган шахсларга ҳам тўланади.

Илгари фақат I ва II гуруҳ ногиронларига тўланиши белгиланган.

Оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари (болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар) ёши 18 ёшгача этиб белгиланди. Илгари 16 ёшгача эди.

Ўқувчилар ва талабалар ўқиши давомида, 23 ёшгача боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиши мумкинлиги белгиланди. Илгари 18 ёшгача эди.

Болани парваришлаш таътилининг иш стажига қўшиладиган даври 6 йил этиб белгиланди. Илгари жами 3 йилдан кўп бўлмаган давр киритилган.

Ҳошимжон МАМАТҚУЛОВ,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Тўрақўрғон туман бўлими бошлиғининг ўринбосари.