Маълумки, фуқаролик ҳуқуқида ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шарт­номаси алоҳида юридик категория сифатида қаралади. Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасига оид қоидалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 38-бобида белгиланган бўлиб, ҳақ тўлаш, шарт­номани бажариш, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини бузганлик учун жавобгарлик ва шарт­номани бекор қилиш, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга оид нормаларни ўз ичига олган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 703-моддаси  2-қисмига кўра, ушбу бобнинг қоидалари алоқа хизмати, тиббиёт, ветеринария, аудиторлик, маслаҳат, ахборот хизматлари, таълим бериш, сайёҳлик хизмати ва бошқа хизматлар кўрсатиш шартномаларига татбиқ этилади.

Бугунги кунда иқтисодий тармоқларнинг жадал ривожланаётганлиги, замонавий рақобатбардош хизмат кўрсатиш ва сервис хизматларини ҳаётимизга кириб келаётганлиги, юртимизда олиб борилаётган самарали иқтисодий ислоҳотлар натижасида хизмат кўрсатиш ва сервис хизматларининг турлари кенгайиб бораётганлиги ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш соҳасини фуқаролик ҳуқуқий тартибга солишни қайта кўриб чиқишни ва уни такомиллаштиришни тақозо этади.

Фикримнинг давомида сифатида, мазкур соҳасини тиббий хизмат кўрсатишга оид йўналишлар бўйича таҳлил қилишга ҳаракат қиламан.

Бунда фуқаронинг соғлиғи унинг бошқа ҳуқуқлари билан бирга, номоддий неъматлар ҳисобланади ва фуқаролик ҳуқуқлари объекти таркибига киради. Фуқаролик ҳуқуқи объекти ҳисобланган номоддий неъматларни санаб ўтар экан, улар жумласига фуқаронинг соғлиғини ҳам киритиб ўтади. Унинг фикрига кўра, моддий кўринишдаги неъматлар (ашёлар) билан бир қаторда номоддий неъматлар ҳам фуқаролик ҳуқуқининг объекти ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида номоддий неъматлар тушунчаси берилган бўлиб, унга асосан фуқарога туғилишдан ёки қонун бўйича тегишли бўлган шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни, шахсий дахлсизлиги, қадр-қиммати ва пок номи, касбий нуфузи, хусусий ҳаёт дахлсизлиги, шахсий ва оммавий сирлари, эркин кўчиб юриш, туриш ва яшаш жойини танлаш, муаллифлик ва бошқа шахсий мулкий ҳуқуқлари номоддий неъматлар ҳисобланади .

Юридик адабиётларда фуқаронинг соғлиғи тушунчасига алоҳида юридик категория сифатида эмас, шахснинг номулкий ҳуқуқлари таркибидаги элементлардан бири сифатида қараш ҳоллари учрайди. Хусусан, соғлиққа бўлган ҳуқуқ жисмоний шахс - фуқаронинг шахсий номулкий ҳуқуқи бўлиб, унинг муҳофазасини амалга оширишни талаб қилиш ва унинг бузилмаслигига бўлган ҳуқуқ, одатда, фуқаролик-ҳуқуқий воситалар билан амалга оширилади. Шу сабабли, соғ­лиқни сақлаш ҳуқуқи ёки фуқаронинг ўз соғлиғига бўлган ҳуқуқи шахсий номулкий ҳуқуқ сифатида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99-моддасида ўз ифодасини топган.

Фуқароларнинг соғлиғини сақлашда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси нормалари ҳам алоҳида ўрин тутади. Амалдаги кодекснинг соғлиқни сақлаш билан боғлиқ қоидаларни, хусусан тиббий хизмат кўрсатиш муносабатларини шартномавий-ҳуқуқий тартибга солиш қоидаларини назарда тутади.

Кодекснинг 703-моддаси биринчи қисмига кўра, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Ушбу нормадан ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шарт­номаси субъектлари сифатида буюртмачи ва ижрочи иштирок этишини хулоса қилиш мумкин. Тўғри, тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар билан аксарият ҳолатларда бемор буюртмачи ва ҳақ тўловчи сифатида шартнома тузади ва тиббиёт муассасаси ижрочи сифатида ҳақ эвазига тиббий хизмат кўрсатади. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бемор ҳар доим ҳам буюртмачи бўлавермайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 2-моддасига кўра, фуқаролар, юридик шахслар ва давлат фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларнинг иштирокчилари бўладилар. Ушбу нормадан келиб чиқиб, табиийки, фуқаролар, юридик шахслар ва давлат фуқаролик ҳуқуқи субъектлари ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 102-моддасига кўра, битимлар кўп тарафлама бўлиши, 354-моддасига кўра, тарафлар аралаш шартнома тузишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 214-моддаси тартибида иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши мажбуриятидан келиб чиқиб иш берувчининг тиббиёт муассасаси билан ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш ҳақида шартнома тузиш ҳуқуқига эга эканлиги далил бўла олади. Шунингдек, юртимизда ижтимоий аҳамиятга молик касалликларни ва ижтимоий тоифадаги шахсларни бепул даволаш ва ташхис қўйиш юзасидан ордер тизими жорий этилганлиги, бунда бемор давлатнинг ваколатли соғлиқни сақлаш бўлимлари томонидан берилган ордерни тиббиёт муассасасига тақдим этиш орқали бепул имтиёзли даволаниш ҳуқуқини вужудга келишини ҳам мисол сифатида келтириш мумкин.

Аброржон Каримов,

Наманган туманлараро иқтисодий судининг

раиси, PhD доктори.

(Давоми келгуси сонда).