Ҳар иккиси Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти, Олабуқа туманидаги Актам айлида яшашади. Улар бир гуруҳ бўлиб, олдиндан жиноий тил бириктиришиб Ўзбекистон Республикаси чегара худудини бузиб ўтишдан тап тортмаганлар. Аниқроғи, 2014 йил 12 май куни спиртли ичимлик ичган ҳолатда бунинг кучи билан чегарани менсимай сой ичидан Ўзбекистон Республикасининг Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғининг Оқтом маҳалласига йўл солишган. Қариндошлариникида бир соатча бўлиб, яна келган йўл орқали орқаларига қайтишаётганларида чегарачи ҳарбий ходимлар томонидан қўлга олинганлар.

Бу билан улар Ўзбекистон Республикасига кириб, чет элга чиқиб, Жиноят кодексимизнинг 223-моддаси 2-қисми "б,в" бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганлар. Қўшни мамлакат фуқароларининг хатти-ҳаракатлари жиноят ишлари бўйича Косонсой туман судида муҳокама қилинди. Рад этиб бўлмайдиган далиллар, мутасаддиларнинг гувоҳликлари ҳар икки шахснинг айбини тўла тасдиқлади.

Судланувчилар Давронбек Раимқулов ҳамда Каримжон Аҳмедовларнинг ҳар бири энг кам ойлик иш ҳақининг 7(етти) баравари миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлди.

Шунингдек, уларни Ўзбе­кис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сонли қарорига асосан депортация қилиш ҳам лозим топилди.