Ҳаёт - бебаҳо неъмат. Айни дамда ҳар биримиз учун ғанимат ҳамдир. Уни қадрлаш билан  умримизга мазмун киради. Омадимиз чопади, бахт кулиб боқади. Бироқ, бир кам дунёда ҳамиша соғу саломат юриш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Яшаш чоғида эса турли сабаблар билан ногирон бўлиб қолиш ҳолатлари юз беради. Ҳатто туғма ногиронликнинг мавжудлиги ҳам ҳаётий ҳақиқат. Шунга қарамай, инсонпарварлик тамойиллари устувор мамлакатимизда бундай шахслар ҳеч вақт ўкситиб қўйилмайди. Давлатимиз томонидан катта ғамхўрлик кўрсатилади.

Инсон манфаатларига эътибор тобора кучайтирилаётган янги Ўзбекистонимизда янгидан-янги қонун, қарор ва фармонлар қабул қилиняптики, улар халқнинг давлатдан розилигини таъминлаяпти. Ногиронларга ўзига хос шароит ва қулайликларнинг,  имтиёзларнинг берилиши эса шундай шахслар учун айни муддао бўлмоқда.  Ҳуқуқий асосдаги меҳнат фаолиятларининг қонун билан кафолатланиши бу борада олға ташланган яна бир муҳим қадамдир.

Маълумки, 2020 йил 15 октябрда Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг ҳуқуқлари тўғрисида" ги  Қонун имзоланди. 8-боб ва 49-моддадан иборат мазкур Қонун ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг хуқуқларини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни кўзда тутади. Унинг 4-боби "Фуқарони ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация ва абилитация қилиш"ни ўз ичига олади. 31-модда "Тиббий-ижтимоий экспертиза"га бағишланган. Ушбу моддада ёзилганидек: "Фуқарони ногиронлиги бўлган шахс деб топиш - тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан, ўн саккиз ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш эса - педиатрия тиббий-ижтимоий эскперт комиссиялари томонидан амалга оширилади".

Қонунга мувофиқ шахс тиббий-ижтимоий эскпертизага давлат тиббиёт муассасаси томонидан юборилади. Агар соғ­лиги ҳолатига кўра бориш имконияти бўлмаса ва бу тиббиёт муассасаси хулосаси билан тасдиқланса, экспертиза уйида ёки даволанаётган стационарда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Яна бир ҳақиқат шуки, тиббиёт ташкилотлари ногиронлиги белгилари аниқ кўриниб турган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувларни ўтказмасдан туриб, тиббий-ижтимоий экспертизага юбориши мумкин. Комиссия мажлисларида маҳаллий меҳнат органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, касаба уюшмаларининг, суғурта ташкилотларининг ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунинг­дек ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари вакиллари қатнашишади. Бу ҳолат ишимиздаги очиқликни таъминлайди. Адолатли хулосага келишимизга кўмаклашади.

Энди текширувларга келсак, тиббий ҳужжатлар қабул қилингач, ўн кун муддат ичида эксперт комиссияси кўриб чиқади. Шахсни тиббий текширувдан ўтказиш  куни  ҳақида  ҳужжат топширилгач, икки кун  ичида хабар етказилади. Ногиронлиги аниқланса, ногиронлиги бўлган шахс сифатида ҳужжат қабул қилинган кундан эътироф этилади.

Экспертиза натижасига кўра ногиронлиги бўлган шахс деб топилган фуқарога ногиронлик гуруҳи, унинг белгиланиш сабаблари ва муддатлари, ўн саккиз ёшгача бўлганларга қайта текшиирувдан ўтиш муддати кўрсатилган ҳолатда Ногиронлиги бўлган болалар тоифаси белгиланади.

Қайта текширувдан ўтказиш муддати кўрсатилмайдиган ҳолатлар ҳам бор. Бунда ногиронлик инсон аъзолари функцияларининг ҳамда организми тизимларининг барқарор аслига қайтариб бўлмас тарздаги морфологик ўзгаришлари ва бузилишлари мавжуд бўлган, амалга оширилган реабилитация тадбирларининг  самарасизлиги оқибатида касалликнинг кечиши ва  соғлиқнинг тикланишини, ижтимоий мослашувини яхшилаш мумкин бўлмаган   тақдирда,  рўйхатга  киритилган, тасдиқланган касалликлар ва анотомик нуқсонлар рўйхатига мувофиқ белгиланади.

Агар "кўрсатилган муддатдан олдин қайта текширувдан ўтказиш қандай ҳолатда амалга оширилади?" деган савол келиб чиқса, бунга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Яъни: "...соғлиқнинг ҳолати ва ҳаёт фаолиятининг чекланганлик даражаси ўзгарганда  ёки тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари асосланмаган қарор қабул қилганлиги фактлари аниқланганда ёхуд юқори турувчи  тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан назорат вазифаси бажарилганда амалга оширилади".

Қонуннинг 32-моддаси "Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация ва абилитация қилиш" га бағишланган. Давлат бу жараённи тўла кафолатлайди.Чунки реабилитациянинг мақсади ногиронлиги бўлган шахслар ўзига хос ҳаёт тарзини юритиш ҳамда ўз ҳуқуқлари ва потенциал имкониятларни амалга ошириш имконини берадиган ижтимоий мақомини, ўзига-ўзи хизмат кўрсатишга ва касбий фаолиятининг ҳар хил турларига оид қобилиятини тиклашдан иборатдир.

Бу жараёнда якка тартибдаги дастур катта аҳамиятга эга.Қонуннинг 33-моддасида баён этилганидай бу: "...тиббий-ижтимоий экспертиза асосида ишлаб чиқилган, ногиронлиги бўлган шахс учун мақбул реабилитация чоралари мажмуи бўлиб, ушбу чоралар организмнинг бузилган ёки йўқолган функцияларини , шунингдек ногиронлиги бўлган шахс меҳнат фаолиятининг айрим турларини бажариш қобилиятини тиклашга, компенсация қилишга қаратилган тиббий-ижтимоий, касбий ва жисмоний реабилитация чораларини амалга оширишнинг айрим турлари, шакллари, ҳажмлари, муддатлари ҳамда  тартибини  ўз ичига олади. Якка тартибдаги дастур ногиронлиги бўлган шахс тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказилгач, ўн кун ичида ишлаб чиқилади. Дас­тур давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, шунингдек ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, бошқа ташкилотлар томонидан бажарилиши   шартлиги қонунда кўрсатиб ўтилган.

Ҳозирда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётий фаоллигини йўлга қўйиш масаласи долзарб вазифага айланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 21 ноябрь куни ўтказилган "Ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги  ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги селектор йиғилиши қарорининг 6-банди ижросини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат фаолияти билан шуғулланишда қўшимча имконият яратиш ҳамда уларни рационал ишга жойлаштириш мақсадида Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қўшма қарор қабул қилган. Ҳозирда қарорга мувофиқ изчил иш олиб борилмоқда.

Икромжон ИСМОИЛОВ,

50-туманлараро тиббий меҳнат

экспертиза комиссияси раиси.