Адҳамжон Зокиров бугун бир инсоннинг умрига зомин бўлди. Агар у қонун талабларига, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилганида эди бундай фожеага йўл қўйилмасди. Ўзининг оиласидаги тинчлик бузилмасди, ўзганинг оиласидагиларнинг бошига жудолик жабри тушмасди. Афсуски, инсоннинг кўзи кеч очилади, қачонки бир фалокат юз берсагина тавбасига таянишга мажбурлик ҳис этади. Хатонинг тўлови қимматга тушишини, ҳатто ўнглаб бўлмас кулфатларга дуч қилишини аввалроқ ўйламаганларнинг аҳволи шу...

У 2019 йилнинг 21 декабрида кечки соат 18 лар чамаси Наманган - Андижон автомобиль йўлининг биринчи километрида ўзининг бошқарувидаги "М-412" "Москвич"ни ҳайдовчилик ҳужжатларисиз миниб, шамолдек елдириб борарди. Катта ҳовлига ота-онасини кўргани турмуш ўртоғи билан кетаётиб Наманган туманидаги Эшобод маҳалласи ҳудудида кутилмаган тасодифга рўбарў бўлди. Яъни секин қўзғолиб, юриб кетаётган "Дамас"­нинг олди томонидан пиёда йўлни кесиб ўтаётганида машинасини тўхтатиб қолишга улгуролмади. Шикастланган шахсни дарров йўловчи машинага юклаб, Наманган шаҳрининг "Гўзал" даҳасидаги Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига олиб борди. Асатилло Мамажоновга биринчи ёрдам берилди. Ҳатто 5 кун даволанди. Лекин унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади...

Адҳамжон Зокиров бошқариб бораётган машинаси онаси - Рислиғой Насриддиновага қарашли бўлиб, ҳатто ўғлига ишончнома ҳам берилмаган. Боиси, у ҳайдовчиликка ўқимаган. Қоидаларни яхши билмайди. Оқибатда автоҳалокатга йўл қўйиб, бир бегуноҳнинг қотилига айланди. "Фалокат оёқ остида" деган мақолни унутганлиги туфайли Адҳамжон ўзининг бошига ўзи кулфат олиб келди...

Албатта, жиноят жазосиз қолмайди. Одил суд томонидан ҳукм чиқарилади. Шу ўринда айтмоқчимизки, "Кўза кунда эмас, кунида синади" деган халқ нақли бежиз тўқилмаган. У илгари ҳам онасининг машинасини ўзбошимчалик билан бошқариб юрган. Мана, кўзанинг синар куни келди-да... Бу бошқалар учун сабоқ бўлса, ажаб эмас!

Р. ДАВРАНОВ,

Наманган тумани ИИБ

ҳузуридаги ТБ терговчиси, капитан.