УНГА ЯҚИН БОРГАНЛАР КУЛФАТГА ДУЧОР БЎЛИШАДИ

Инсонга ҳаёт бир марта берилади. Кимки, умрини яхши ишларга сарфласа, доимо бахту саодатга эга бўлади. Аксинча, инсоний фазилатлар қолиб, зоти шарифликка иллат ҳисобланмиш кирдикорлардан тап тортмаса, бошидан ғам-ташвиш аримайди. Кейин қанчалар пушаймон бўлмасин, бефойда, кеч. Чунки вақт орқага қайтмайди. Кечмиш кечмишлигича қолаверади. Буни чортоқлик қирқ беш ёшли А.О.нинг қисмати мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

У муқаддам судланиб, икки йиллик жазо муддатини ўтаб ҳам чиққан. Афсуски, яна жиноят кўчасига қадам қўйди. 2020 йилнинг 28 февралида холис гувоҳлар иштирокида унинг яшаш хонадони ички ишлар ходимлари томонидан кўздан кечирилганида молхонаси ва ўтинхонасидан кўк ва қора рангли, қуруқ холдаги ўсимликнинг майдаланган қисмлари ва уруғлари аралашмаси тарзидаги нарса топилди. Уларнинг таркибларида фаол гиёҳ­вандлик моддаси - тетрагидроканнабинол сақлашлиги маълум бўлди ва у марихуана деб аталади. Оғирлиги 123,86 (бир юз йигирма уч бутун юздан саксон олти) граммга тенг.

Вилоят наркология диспансерининг маълумотларида эса А. О. мазкур муассаса ҳисобида турмаслиги, гиёҳванд моддани чекиш йўли билан истеъмол қилганлиги, наркологик жиҳатидан соғломлиги кўрсатилган.

Жиноятчига яқин орада қилмишига яраша жазони суд тайинлайди. 6 нафар фарзанднинг отаси учун бундай одат қимматга тушиши аниқ. Ахир жиноятга жазо муқаррар.

Улуғбек ЁҚУБОВ,

Чортоқ туман ИИБ

ҳузуридаги тергов

бўлинмаси терговчиси, капитан.