ДАВЛАТ ҲИСОБИДАН ҲОТАМТОЙЛИК

Кейинги кунларда Наманган вилояти санитария-эпидемиология осойишталик марказида ақлу ҳушни учирадиган воқеалар бўлмоқда. Эл бошига тушган оғир пандемия шароитида "ётиб қолгунча отиб қол"увчилар бу даргоҳда урчиганга ўхшайди.

Қаранг, 276 млн. сўмга яқин гипохлоридкальций дезинфекцияловчи воситалар 525 млн. сўмга яқин нархда олинибди. "Бели оғримаганни нон ейишини кўр" деб хал­қимиз бекорга афсус чекмаган экан. Суриштирувларда ўртача бозор нархидан 249 млн. сўм қимматга сотиб олинибди-я?! Бюджет маблағларини талон-тарож қилган марказ мансабдорларининг қилмишини асло оқлаб бўлмайди. Вилоят иқтисодиётига салбий зарба берган шахсларнинг ким эканлиги албатта, ошкор этилади. Манбада келтирилган Ф.Б., А.Т., Х.С. Сизларга элнинг нафрати бўлсин!

 

ПОРА - ИККИ ЮЗИ ҚОРА!

Чортоқ тумани марказида жойлашган дорихона олдида пора олаётган шахс ушланди. У ўз кўргазмасида ушбу 40 млн. сўм пулни қўшнисига бериши кераклигини билдирди. Тезкор тадбир иштирокчилари унинг мақсадига шароит яратдилар.

Бу шахс Наманган шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали олдига келди. Қўшниси билан шартлашилган 40 млн. сўм маблағни "эгаси"га топшираётганда "эгаси" ушланди. Бу шахс СЭОМ иқтисодчиси бўлиб чиқди. Маълум бўлишича тадбиркор ушбу марказ билан 7000 дона ҳимоя кийими учун шартнома қилган. 6100 дона маҳсулотни топширган. Бироқ иқтисодчи ҳақиқий "иқтисодчи" экан. Аввало маҳсулот қиймати учун 175 млн. сўмни ўтказиб бериш учун 15 млн. сўм, топширилмаган, кирим қилинмаган 900 дона ҳимоя кийими ўрнига 25 млн. сўм, жами 40 млн. сўм пора талаб қилган. Энди икки юзи қора бўлган бу шахс эл орасида қандай бош кўтариб юради-а... Иқтисодчи Ю.Ш., инсоф борми ўзи?!

Раҳимжон ИРИСОВ,

журналист.