Ҳозирги кенг миқёсдаги ислоҳотлар даврида ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашишдан кўра унинг барвақт олдини олиш ғоят муҳим. Бунда ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар билан ишлаш, ўз навбатида ҳуқуқбузарликдан жабрланган шахсларни тадқиқ қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикаси ҳақида фикр юритишдан олдин "виктимология" сўзининг мазмун-моҳиятини тушуниб олиш мақсадга мувофиқдир. Виктимология ва у билан боғлиқ айрим муносабатлар турли ҳуқуқшунос олимларнинг илмий тадқиқотларининг объекти ҳисобланади ва айрим манбаларда виктимологияга берилган таърифлар бир-бирига яқин ва мазмунан бир хилдир. Жумладан, энциклопедик ва изоҳли луғатларда "виктимология" лотинча "victima" - жабрланган, жабрланувчи ва юнонча "logos" - таълимот яъни, жабрланувчилар ҳақидаги таълимот, деган маънони англатиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги "Ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги қонунининг 3-моддасида "Ҳуқуқбузарликдан жабрланувчи - жисмоний, маънавий ёки мулкий зарар етказилганлиги оқибатида ҳуқуқбузарликдан жабрланган шахс" деб баён этилган.

Мазкур қонуннинг 43-моддасида "Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ва муассасанинг муайян шахснинг ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига айланиши хавфини камайтиришга қаратилган профилактика чора-тадбирларини қўллашга доир фаолияти ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикасидир" деб тушунчасига таъриф бериб ўтилган.

Ушбу қонунда ҳуқуқбузарлик - содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилган айбли ғайриҳуқуқий қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) деб ҳуқуқбузарлик тушунчасига таъриф берилганлигини кўришимиз мумкин. Шундай экан биз шахс­нинг ҳаёти ва соғлиғига қарши ҳуқуқбузарликларни Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида назарда тутилган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига қарши айбли ғайриҳуқуқий қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик)ни тушунишимиз мумкин экан.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг махсус қисмининг шахсга қарши жиноятлар деб берилган биринчи бўлимининг биринчи бобида ҳаётга қарши жиноятлар деб берилиб унда; 97-103-моддаларни, иккинчи бобида соғ­лиққа қарши жиноятлар деб берилиб унда; 104-111-моддаларни, учинчи бобида ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли жиноятлар деб берилиб унда; 112-117-моддалар кўрсатилган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики шахснинг ҳаёти ва соғлигига қарши жиноятларга айнан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-117-моддаларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52, 133-моддаларини келтириб ўтишимиз мумкин бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги "2017-2021 йилларда Ўзбе­кис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида "Инсон манфаатлари - ҳамма нарсадан устун" деган тамойил ва "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган эзгу ғоя, энг аввало, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқат ўрнатиш ҳамда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг реал ҳимоя қилинишини таъминлаш орқали кучли демократик жамият қуришни ҳаётга амалий татбиқ этишга қаратилган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикасини ташкил этиш фаолияти ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигининг янада кучайишига, халқнинг давлат органларига ва амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончининг ортишига замин яратади.

З. ФАЗЛИДДИНОВ,

ИИВ Академияси

3-ўқув курси 317-гуруҳ курсанти.