Глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган бир пайтда трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳам тобора кўпаймоқда. Бунинг оқибатида дунё миқёсидаги муаммолардан бири - одам савдоси катта ташвиш уйғотмоқда.
Яқинда Буюк Британиянинг "Guardian" нашри, Халқаро меҳнат ташкилоти ва "Walk Free Foundation" маълумотларига таянган ҳолда, ушбу ҳолатга қуйидагича баҳо берди. Яъни, ҳозирги кунда сайёрамиз аҳолисининг тахминан 40 миллион 300 минг нафари замонавий қуллик исканжасидадир.
Одам савдосига қарши курашишда қуйидаги 4 та тамойилнинг самарали татбиқ этилиши жуда муҳимдир. Булар - олдини олиш, кўмак бериш, таъқиб этиш ва ҳамкорлик қилиш тамойиллардир.
Оммавий ахборот воситалари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш ва бунда таҳдидларни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Журналистларнинг бу борадаги фаолияти фақат шу билангина чекланиб қолмайди. Уларда эълон қилинган хабарлари, бир томондан, одам савдоси жабрдийдаларига кўмак бериш учун қўл келса, иккинчи томондан, бу иллат билан шуғулланадиган кимсаларни таъқиб қилишда муайян ўрин тутади. Шу билан бирга, ОАВлар мамлакат миқёсида, хорижий ва халқаро кўламларда ҳам турли ташкилотлар ҳамда муассасалар ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг ривожланишида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.
Жаҳон ҳамжамияти томонидан 2018 йилнинг декабрида Марокашда Миграция бўйича глобал шартнома қабул қилинди. Ушбу халқаро ҳужжатни Ўзбекистон ҳам қўллаб-қувватлади. Глобал шартномада миграция масалаларига кенг қамровли ва ялпи ёндашиш борасида, жумладан, одам савдосига қарши курашиш, мигрантларга нисбатан камситиш ва тоқатсизликларга йўл қўймаслик каби вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни алоҳида экани таъкидланган.
- Айни чоғда, одам савдосига қарши курашиш ва таҳдидларни камайтириш мавзуларини самарали ёритиш оммавий ахборот воситалари зиммасига муайян масъулият юклайди. Хусусан, бу жараёнларда журналистларнинг тегишли касбий маҳоратга эгалиги, умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларни билиши, миллий қонунчилик талабларидан хабардорлиги, бундай қалтис ҳодисаларни ёритиш учун руҳий, ижтимоий, маданий ва бошқа мезонлар бўйича шай бўлиши тақозо этилади,-деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлари доктори Мирзатилло Тиллабоев.
Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Мамлакатимиз ушбу нуфузли ташкилотнинг одам савдосига қарши курашиш ва унинг жабрдийдаларига кўмак бериш соҳасида амалга оширилаётган дастурларида иштирок этиб келмоқда.
Бинобарин, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш йўлида кенг қамровли ўзгаришлар изчиллик билан жорий этилмоқда. Жиноятчиликка, жумладан одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш масалаларига устувор даражада эътибор қаратилиб, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Одам савдосидан жабр кўрган кишиларни аниқлаш ва ҳимоялаш борасида таъсирчан амалий ишлар қилинмоқда. Жабрдийда фуқароларга тиббий, руҳий-маънавий ва бошқа хил кўмаклар кўрсатилмоқда.
Республикамизда меҳнат мигрантлари - мамлакатимизнинг хориждаги фуқароларини ҳимоя қилиш, шунингдек, одам савдоси жабрдийдалари ва ожиз мигрантларга ёрдам бериш масалаларига тобора катта эътибор қаратилмоқда. Одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари яратилган ҳамда бундай жиноят жабрдийдаларини ҳимоя қилиш механизмлари ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлда қабул қилинган "Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди.
Президентимизнинг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органидир.
- Марказнинг асосий вазифалари қаторида инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш каби муҳим вазифалар кўзда тутилган. Марказ директори Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг аъзоси ҳисобланади, - дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Матбуот хизматининг раҳбари Ғулом Мирзаев.
Сўнгги йилларда республикада фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан, устувор йўналиш ҳисобланган одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатни таг-томири билан йўқотиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
- Одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда,-дейди Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилшод Ҳошимов.
Бинобарин, болалар меҳнатига барҳам берилди.Қишлоқ хўжалиги ишлари, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш даврида мажбурий меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш ҳамда халқаро майдонда давлатимиз имиджини ошириш мақсадида фуқаролик жамияти вакиллари ва мазкур соҳадаги хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.
Абдулла ҒОЗИЕВ.