Маълумки гиёҳвандлик инсоннинг бошига оғир кулфатлар солади. Янаям аниқроғи, биринчи ўринда оғир касалликлар ва жиноятлар содир этилишининг кўпайишига олиб боради. Шунинг учун мамлакатимизда унга қарши изчил курашиб келинади. Афсуски, гиёҳванд моддалар олди-сотдиси ва заҳри қотилни истеъмол қилиш билан шуғулланувчилар кам бўлсада учраб турибди.
Масалан, 2019 йилнинг 3 февралида Наманган шаҳридаги "Авазбек" савдо шохобчаси ёнида шубҳали ҳаракат содир этган А. Ҳамидов бошқариб бораётган "Дамас" ички ишлар идоралари ходимлари томонидан тўхтатилди. Холислар иштирокида салон ичи кўздан кечирилганида 0,2 грамм гашиш моддаси беркитиб қўйилганлиги фош этилди. Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди айбдорга нисбатан 3 (уч) йил муддат озодликдан чеклаш жазосини тайинлади.
Шу йилнинг 28 январида эса, Наманган шаҳридаги Ирвадон маҳалла фуқаролар йиғинида шубҳали шахс М. Маткаримов ички ишлар ходимларининг ҳушёр назаридан қочиб қутулолмади. Ёнидан гугурт қутисига жойланган 2,0 грамм марихуана топилди. Ножўя йўлга қадам қўйгани учун 3 (уч) йил ахлоқ тузатиш жазосига тортилди.
Демак, ҳар бир жиноят жазосиз қолмайди. Айниқса, гиёҳвандлик билан боғлиқ хатти-ҳаракатларга қарши кураш давом эттирилаверади.
Д. ХОЛДОРОВ,
С. ДЕДАМИРЗАЕВ,
Наманган шаҳар прокурори ёрдамчиси лавозимида
иш ўрганувчилар.