Леонид Абдуллаевич Ипатов муқаддам икки бор судланганига қарамай, яна ножўя қадам ташлади. Оқибатда қувончи қайғуга айланди. Чунки, унинг ҳатти-ҳаракати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ҳушёр назаридан четда қолмади.

Шу йил 4 январь куни Наманган шаҳар "Озод" маҳалла биноси олдида ўзини шубҳали тутган Леонид тезкор тадбир ўтказаётганларни бефарқ қолдирмади. У тўхтатилиб, холислар иштирокида текшириб кўрилди. Шими чўнтагидан қора рангли полиэтиленга ўралган қуруқ ҳолатдаги гиёҳванд моддага ўхшаш ўсимликнинг майдаланган қисми чиқди. Маълум бўлишича, бу марихуана экан.

Албатта, уни қаердан олганлигига тезда аниқлик киритилди. Яъни Ш. Мамаджанов икки ҳафта аввал сой кўприги остида ўсиб, қуриб қолган наша ўсимлигини Леонид териб олганлигига гувоҳлик берди. 15, 26 грамм марихуана сотиш учун олинмагани, фақат бир-икки чекиб кўрилгани ўз исботини топди. Очиқ сайёр суд Л. Ипатовга бир юз олтмиш соат мажбурий жамоат ишлари жазосини тайинлади.

Эндигина тўғри йўлга тушган, шаҳардаги 9-оила поликлиникасида қоровуллик қилиб, яшаб келаётган Леонид бу сафар каттами, кичикми ҳеч қандай жиноят жазосиз қолмаслигини англаб етган бўлса ажаб эмас.

Б. ЗИЁВИДДИНОВ,

Наманган шаҳар прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.