Бизга шифокорлардан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига доир саволлар тушиб туради, мазкур кодекснинг 84-моддаси "Ишга қабул қилишда дастлабки синов" деб номланган бўлиб, бу кўпчиликни қизиқтиради. Унда қонун-қоидалар аниқ белгилаб қўйилган.

Меҳнат шартномаси қуйидаги мақсадда дастлабки синов шарти билан тузилиши мумкин:

ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириб кўриш;

ходим меҳнат шартномасида шартлашилган ишни давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги хақида бир қарорга келиши;

Дастлабки синовни ўташ хақида меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши лозим. Бундай шартлашув бўлмаган тақдирда ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади.

Ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда, шунингдек, ходимлар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов муддати белгиланмайди.

Маъмуржон Эргашев,

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг бош юрист-консультанти.