Гиёҳвандлик бутун дунёда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган энг долзарб муаммолардан ҳисобланади. Чунки, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятларининг ижтимоий хавфлилик даражаси жуда юқори. Наркотик ва психотроп моддаларни истеъмол қилишга ружў қўйиш биринчи ўринда оғир касалликлар ва жиноятлар содир этилишининг кўпайишига олиб келади.

Гиёҳвандлик - жиноятчилик билан боғлиқ ҳодисадир. Биринчидан, наркотикларни қўлга киритиш оғир оқибатли қасддан жиноятларга қўл урилади. Иккинчидан, наркотик моддаларни қабул қилиш таъсири остида тез-тез жиноятлар содир этилади. Ниҳоят, гиёҳвандлик билан жиноятчилик ўртасидаги боғлиқлик гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши оқибатида юзага келадиган ҳуқуқбузарлик ҳаракатида намоён бўлади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ ҳолда содир қилинаётган жиноятлар турлича, уларнинг ҳар бири ўзининг алоҳида хусусиятларига эга. Жумладан, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш деганда, устидан халқаро ҳуқуқий ва ички давлат назорати ўрнатилган гиёҳванд­лик воситалари ёки психотроп моддаларни тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш, жўнатиш ва ҳоказо ҳаракатларнинг содир этилиши тушунилади.

Амалдаги Жиноят кодексининг 270-276-моддаларида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилганлик учун жиноий жавобгарлик, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 56-моддасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан оз миқдорда қонунга хилоф равишда муомала қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Бу меъёрлар гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишнинг олдини олиш, фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадини кўзлайди.

Олий суд Пленумининг 1995 йил 27 октябрда қабул қилинган "Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти ҳақида"ги 21-сонли қарорида шундай деб таъкидланади: "Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш инсон соғлиғи ва жамият хавфсизлигига жиддий таҳдид солади, республикадаги криминоген вазиятга, жамиятнинг иқтисодий ва маданий негизига салбий таъсир кўрсатади, кўпинча у уюшган жиноятчилик билан узвий боғлиқ бўлган. Айниқса, бу жиноятларнинг вояга етмаганлар орасида тарқалганлиги катта хавф туғдиради".

Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар аҳолининг соғлиғига қарши қаратилган бўлади. Уларнинг мазмунини эса, махсус ижтимоий муносабатлар ташкил этади.

Бугунги кунда дунё миқёсида қонун билан тақиқланганлигига қарамасдан, афсуски, гиёҳвандлик моддаларини ишлаб чиқарувчи ва у билан савдо қилувчиларнинг сони кўпайиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби, ушбу жиноий бизнес яратиб берадиган жуда катта бойлик орттириш имкониятлари бўлиб, унинг иштирокчиларини халқаро ҳуқуқ нормалари билан ҳам, миллий қонунлар мажмуи билан ҳам, айниқса, "оқ ажал"нинг ҳалокатли оқибатлари билан ҳам ҳисоблашмай ҳамма ишни қилишга мажбур этмоқда.

Дунё аҳолисининг барча қатламини бирдек ташвишга солиб келаётган гиёҳвандликдек хавфли иллатга қарши курашишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари, балки жамиятимизнинг барча аъзолари иштирок этиши лозим. Шундагина бу иллатнинг пайи тезроқ қирқилади.

Самаджон ҚОДИРОВ,

Поп туман маъмурий суди раиси.