Чорак аср ёшидаги истиқлолли ва истиқболли мамлакат - Ўзбекистон Республикаси халқи 2016 йилда ўзининг Юртбошиси Ислом Каримовни сўнгги манзилга кузатиб қўйгач, навбатдаги Президент сайловида ҳам кўнглидаги хоҳиш-иродасини ғоят эмин-эркин ифодалади. Жаҳондаги 5 та нуфузли халқаро ташкилот ҳамда 46 та давлатдан 600 нафарга яқин кузатувчи қатнашиб, буни беҳад мамнуният билан тасдиқлашди. Уларнинг сиёсий партия­лар ўртасидаги рақобат ва курашга асосланган сайловимизни умум­эътирофдаги халқаро стан­дарт­ларга тўла мос ҳолда, эркинлик ва очиқлик руҳида ўтганини таъкидлашгани бизларнинг сиёсий савия­мизга, уюшқоқлигимизга берилган юксак баҳодир, албатта.

Чустнинг Олмосида Мамадалиевлар сулоласининг обрўйи баланд. Ахир халқ хизматига камарбаста кишилар ҳамиша барака топишган. Ризқ-рўзда ҳам, ҳурмат-эътиборда ҳам. Ҳалоллик ва фаоллик уларнинг кори амалларига айланганидан бободан отага, отадан болага бу хислатлар ўтаверади, набираларда давом этаверади. Раҳмату олқишлар оғушида яшаш бахтига нима етсин. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида турмуш қуришган ёш йигит Мамадалига оталик, Ҳанифахонга оналик бахтини илк бор туҳфалаган тўнғич ўғилнинг исмини Раҳматали аташганиям ана шундан.

У эрта тонгда уйидан ишига шошилади, беморлари кутиб қолишини истамайди, сўнгги бемор аҳволидан хабардор бўлгач оиласи бағрига ошиқади. "Иш вақтим тугади" деган жумла унинг луғатида йўқ. Ҳеч кимни малол олмайди, пешонаси тиришмайди. Беморларнинг кайфияти, саломатлиги яхши бўлса, қувонади, оғриса, дардига шерик бўлиб, даво излайди. Кекса отахону онахонлар - беморларининг ҳолидан хабар олишдан чарчамайди. Хурсанд бўлишса, кўнгли ёришади.

Мингбулоқ туманида "103"га қўнғироқ қилинса, худди шундай жавобга монанд иш юритишаётганининг шоҳиди бўлишади. Бу ерда хаста ҳолларнинг тиббий ёрдамга эҳтиёжини ўз вақтида қондиришга имкон қадар эришилмоқда. Чунки, соҳада ҳали муаммолар борлигига қарамай, шароитдан келиб чиқиб, врач ва ҳамширалар ҳар бир чақирувга илдам етиб бориш, беморларнинг уйида дастлабки тиббий муолажани ўтказиш, зарурати бўлса, шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизиш учун олиб қайтиш чора-тадбирларини кўришмоқда.

18 ноябрь - Ўзбекистон Республикаси

Давлат байроғи қабул қилинган кун

Ҳар бир давлатнинг ўзига хос рамзлари бўлади. Улар байроқ, герб ва мадҳиядир. Ўзбекистон байроғини янгилаш ҳаракатлари Истиқлол арафасида бошланган эди. Бу 1991 йил 18 ноябрда Мустақил Ўзбекистон байроғини қабул қилиш билан якун топди. Яъни Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги қонуни қабул қилинди. Қонуннинг 2-моддасида белгиланганидай: "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Республика давлат суверенитетининг рамзидир". 3-моддада таъкидланганидай: "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда: Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларига сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади". Жаҳоннинг энг нуфузли спорт мусобақаларида ҳамюртларимиз ғолиблик супасига чиқишар экан, ўз байроғимизни ўпиб, юқори кўтариб, мағрур ҳилпиратиб, беҳад фахр туядилар. Шу Ватаннинг шону шуҳратини оламга ёядилар. Барчамиз бундай ҳаяжонли лаҳзаларнинг телевизор орқали кўп бор кўрганмиз.