"Тез ёрдам" станциясидаги телефон яна жиринглади. Гўшакни ўша заҳоти ҳамшира - диспетчер олди.

- Эшитамиз.

- Жомашўй шаҳарчасининг Озодлик кўчасидан чақиряпмиз, бир кишининг мазаси қочиб, йўл четида жуда оғир аҳволга тушиб қолибди. Агар ...

- Кутинг, ҳозир етиб борамиз, - деди вазият жиддийлигини сезган саломатлик посбони унинг гапини кесиб, беш дақиқада дўхтирлар ўша ерда бўлишади.

- Яқинданми? - деди хонада ёзиб-чизиб ўтирган бўлим мудири Ҳабибулло Усмонов.

- Ҳа, туман молия бўлими биноси рўпарасида эмиш.

- Жўнадик!

Шу биргина сўзи ҳамширага ҳам кифоя эди. У биринчи ёрдам қутисини қўтарди. Ҳайдовчи Умарали Турсунов "Амбуланс"ни ўт олдирди. Айтилган манзилга енгил машина қушдай елиб кетди.

Саноқли дақиқаларда етиб боришса, ҳолат ўта жиддий экан. Ҳушсиз қизни зудлик билан ёнларига олишди. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишди ва жонлантириш бўлимига ётқизишди...

Меҳридарё шифокорлар учун беморнинг кимлигию, қаерданлиги унчалик муҳим эмас. Хизмат вазифалари шуни тақозо этади. Бетаъма ва беминнат тез тиббий ёрдам ҳар вақт катта аҳамиятга эга. Салгина кечикишдан ёки нотўғри ташхис билан кўр-кўрона муолажага киришишдан ёмони йўқ. Оқибати беморга уқубатли бўлиши мумкин. Бу шифокор шаънига доғ туширади. Уларга ишончу ихлосни йўқотади.

Мингбулоқлик "тез ёрдам"чилар эса ўз зиммаларидаги ғоят масъулиятли вазифани доимо виждонан ўташ ҳаракатидалар. Улар барча беморга бирдай шошилинч юқори малакали хизматга кечаю-кундуз шай туришгани туришган. Хабар тушиши биланоқ чақирган манзил томон ошиқишгани ошиқишган. Шунданми, эътирозлар камдан-кам, эътирофлар кўпдан-кўп. Боиси, врачу ҳамширалар ўз ишлари бўйича бир неча йиллик тажриба ва кўникмага эгадирлар.

Чунончи, бўлим бошлиғи Ҳабибулло Усмонов 2001 йилдан шу соҳада. 2016 йил раҳбарликка тайинланган бўлса-да, у ўз атрофидаги врачларни, ҳамшира ва фельдшерларни ягона мақсад сари йўналтира оляпти, десак асло муболаға эмас. Шунданми, қўнғироқлар бежавоб қолмайди, чорловларга "лаббай" дейишганча нажот учун елиб-югуришади.

Раҳбарнинг шахсий ибрати - бошқа ҳамкасбларни ҳам ўз постларида ҳамиша ҳушёр, ҳамиша бедор, ҳамиша тезкор бўлишга ундаётгани бор гап. Марказда 2 та бригада фаолиятда. Бирига ўзи бош, иккинчисига Дилбархон Бўтаева етакчи. Гўё улар элга манзур хизмат кўрсатиш борасида мусобақадошдек. Навбатчиликлари кўнгилсизликларсиз муваффақиятли, самарали кечиши учун мавжуд шароиту имконият доирасида фаолият юритишади. Баъзи етишмовчиликларга қарамай, беморларни ранжитишдек салбий ҳолатларга йўл қўйилмасликка интилишади. Муомала бобида ҳеч қандай муаммога ўрин қолдирмаслик уларнинг доимий диққат эътиборида. Хоҳ яқину, хоҳ узоқ бўлсин, улар учун малолсиз. Фикру ўйлари йўлларига маҳтал инсонларнинг ҳузурига кечикмай бориб, касалликнинг енгилини ўша ернинг ўзида зудлик билан чекинтириш, оғирини эса ихтисослашган юқори малакали ҳамкасблари кўриги ва муолажасига ўтказишдан иборат.

Ана, тун алламаҳал бўлишига қарамай "Тез ёрдам" станциясининг чироқлари ёниқ. Оқ халатли халоскорлари уйғоқ. Бир машинада "экипаж" у ёқдан қайтишса, иккинчи машинада бошқа томонга шошишади.

- Ҳа, "Тез ёрдам", қон босими ҳаддан зиёд баландми? Унда беморни қимирлатманг. Ҳозир врачимиз боргач, ҳаммаси жойига тушади, - деди ҳамшира-диспетчер Муҳаббат Эргашева телефондаги кишининг кўнглини тўқ қилиб.

- Энди қаерга экан? - Сўради навбатчи врач Турсунали Худойбердиев.

- Қолгандарё маҳалласига.

- Саидахон, кетдик!

Врач билан ҳамшира ташқарига чиқишига ҳайдовчи Ғуломжон Зокиров ҳам машинасини йўлга шайлади...

Ярим соат ўтар-ўтмай яна бир хастаҳолнинг дардига малҳам қўйган шифокорлар Жомашўйга қайтишди. Ҳали эса тонг отишига анча бор. Тағин кимдир оромини йўқотган бўлса, тунги сукунатни телефон жарангги бузади. Улар эса, курашга шайу шахдли туришаверади.

Аҳил жамоада мустаҳкам интизом ҳукм­рон. Наинки туман марказида Навоий, Олтинкўл, Дўмса, Тегирмон ва Гулбоғдаги филиалларида ҳам 2016 йил давомида аҳолининг чақирувларига деярли эътиборсизлик рўй бермади. Энг муҳими, беморлар ҳеч бенажот қолишмади.

Бугун "тез ёрдам"чиларнинг олий тоифали катта ҳамшираси Дилфуза Ҳамроқулованинг айтишича, Гулнора Чўтанова, Дилфуза Ҳайдарова, Мамлакат Маматова, Муҳаббат Эргашева, Саида Мамазокирова сингари йигирмага яқин ҳамкасб­лари эл соғлиғини сақлаш йўлида бор куч, билим ва малакаларини сарф­лашяпти.

- Ўтган йилнинг ноябрида тиббиёт ходимлари байрами тантанасида вилоят кўрик-танловининг турли номинациялари ғолиблари эълон қилинганида беихтиёр кўнглим фахр туйғуларига тўлиб-тошди, - дейди мамнуният билан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Собиржон Шоматов. - "Йилнинг энг намунали тез ёрдам бўлими" деб бизнинг бўлим эътироф этилди. Бошқарма томонидан мукофотга берилган телевизорни жамоага тантанали топширар эканман, буни улар янада яхшироқ ишлашга рағбат сифатида қабул қилишди. Ҳозир янги йилдаги долзарб вазифалар масъулиятини чуқур англаган ҳолда фаолликни янада оширишган. Хизматларидан аҳолида розилик кайфиятини барқарор ушлаб қолиш ҳар бирларининг асосий мақсад, муддаоларига айланган. Ахир, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувда олдимизга ғоят катта вазифалар қўйганлар.

Дарҳақиқат, учрашувда Президентимиз мазкур масалага алоҳида урғу бериб: "Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини юксалтиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кўрилди. Лекин бугун халқимиз бу хизмат сифатидан рози, дея олмаймиз. Тизимни мутлақо ўзгартириш - давр талаби" дея алоҳида таъкидлаганликлари бежиз эмас. Биз юқорида мингбулоқликларнинг сидқидил саъй-ҳаракатлари ҳақида ёзганимизда ҳам уларни фақат мақташга чоғланмагандик. Кенг қамровли тизимда эътиборга ва эътирофга лойиқ ишларни ўз вақтида намуна қилиб кўрсатиш бошқаларда ҳам ҳавас уйғотса ажабмас. Айни паллада улар ўз фаолиятларини ўзлари танқидий таҳлил этишиб, мавжуд камчиликларга барҳам бериш ва туғилаётган муаммоларга ижобий ечим излаш билан замон талабига муносиб бўлишни ҳам бирор лаҳза унутишмаяпти.

Содиқ САЙҲУН.