Яхши ният қилган инсон албатта муродига етади. Мактабда ўқиётган чоғида Дурдона ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдек шарафли вазифани адо этаётган тиббиёт ходимларига ҳавас билан боқиб, уларнинг издоши бўлишни орзулаб юрарди. Кунлардан бирида онасининг тоби қочиб қолди. Оғир паллада биринчи тиббий ёрдам кўрсатган маҳалла ҳамширасининг дадил ҳаракатлари туфайли волиданинг ҳаёти сақлаб қолинди. Тиббиёт ходими нафақат беморнинг дардига дармон бўлди, балки касб танлаш иштиёқида бош қотираётган қизнинг кўнглига чўғ ташлаб кетди.

Етуклик шаҳодатномасини қўлга олган Дурдона ҳеч иккиланмай Наманган тиббиёт билим юртига ҳужжат топширди. Суҳбату имтиҳонлардан юқори баҳо олган талаба тез орада эгнига оқ халат кийди. У таълим жараёнида назарий билимларни мукаммал эгаллашга, касб сир-асрорларини чуқур ўрганишга интилди. Фаоллиги, тиришқоқлиги ва қизиқувчанлиги билан дугоналарига ҳамиша ўрнак бўлган Дурдонанинг ўқиш ва жамоат ишларидаги ютуқлари билим юрти маъмурияти томонидан кўп бор эътироф этилган.

Чорак аср муқаддам ёш  мутахассис қўлида имтиёзли диплом билан Бўстон қишлоқ участка шифохонасида иш бошлади. Унга навбатчи ҳамширалик вазифаси юкланди. Касбига меҳр қўйган қиз учун бу ғоят қўл келди. Устозларидан олган сабоқларини амалда дадиллик билан қўллаб, беморларнинг ҳурматини қозонди. Билмаганларини эса тажрибали шифокор ва ҳамширалардан сўрашга сира орланмасди.

Тошлоқ тиббиёт нуқтасида патронаж ҳамширасига зарурият сезилди. Ҳа, деганда муносиб кадр топилавермади. Раҳбарият бу вазифага Дурдонанинг номзодини тавсия этди. Шу тариқа лавҳамиз қаҳрамони янги жойда ишга киришди. Илгари фақат шифохона доирасида фаолият юритган бўлса, энди унинг хизмат кўлами бир мунча кенгайганди. Аниқроғи, у хонадонма хонадон юриб, касалликка чалинганлар ҳолидан хабар олибгина қолмасди. Уйда қанча одам истиқомат қилса уларнинг бариси соғлиғига масъуллигини ҳис этарди. Бугина эмас, оилаларда соғлом турмуш тарзи, тозалик ва озодалик тарғиботчисига айланганди.

Фаол ва меҳнатсевар ходимларга ҳамиша эҳтиёж сезилади. 2002 йилда Дурдона Тўлқин қишлоқ врачлик пунктида хизматни давом эттирди. "Обод" қишлоқ врачлик пунктида эса катта ҳамширалик лавозимига ўтказилди. Бу орада бирмунча тажриба орттиришга ҳам эришиб улгирганди. Лекин, тиббиёт соҳасида кечаётган ислоҳотлар, соҳага жорий этилаётган фан-техника ютуқларидан мукаммалроқ бохабар бўлиш нияти сира ҳам тинчлик бермасди, унга. Шу боис Тошкент врачлар малакасини ошириш институтидаги "Қишлоқ врачлик пунктларида патронаж ҳамширалари ишини ташкил этиш" курсида ўқишга йўл олди.

- Соҳамизда кечаётган ислоҳотлар доимо изланишни тақозо этмоқда. Ҳамширалик ишини баҳолашнинг янги мезонлари татбиқ қилиняпти. Соғлиқни сақлашнинг муҳим бўғини ҳисобланмиш ҳамширалик хизмати ҳам такомиллашиб боряпти. Бу жараёнлар ҳар бир саломатлик посбонидан вазифасига янада масъулият билан ёндошишни талаб этади, - дейди Д. Шералиева.

Элга танилган ҳамшира тажрибасини, билганларини касбдошларига "тортиқ" қилишни, уларни ҳам ўз ортидан эргаштиришни бош мақсад қилиб олган. 2006 йилдан "Саломатлик-2" лойиҳаси доирасида мураббийлик қилмоқда. "Шахслараро муомала кўникмалари", "Кўкрак сути билан боқиш","Репродуктив саломатлик", "5 ёшгача бўлган болаларни ўсиши ва ривожланиши", "Ҳамширалик иши асосий кўникмалари" ва бошқа мавзулардаги машғулотлари билан ўрта тиббиёт ходимлари касбий маҳоратини оширишга баҳоли қудрат ҳиссасини қўшмоқда.

Ишга янгича муносабат, ҳамкасбларга нисбатан талабчанлик, фаолиятда замонавий усулларни дадиллик билан қўллаш унинг ҳар кунлик фаолияти мезонига айланди. Бу саъй-ҳаракатлар эса ўз мевасини кўрсатди. Дурдона 2015 йили "Энг яхши патронаж ҳамшираси" кўрик-танлови республика босқичи лауреати, деб тан олинди.

- Дурдона Шералиева энг илғор ва ташаббускор ҳамширалардан биридир, - дейди бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурова. - Қарийб ўн йилдан бери жамоатчилик асосида ҳамширалар маҳоратини ошириш курсини бошқариб келяпти. Ундан билим олиб, касбий кўникмасини бо­йитган ёшларимиз мураббийларидек бўлишга, эл корига ярашга, вазифаларига виждонан ёндошишга интиладилар.

Яқинда Дурдона Шералиеванинг ҳаётида унутилмас воқеа рўй берди. Истиқлолнинг йигирма беш йиллиги арафасида Биринчи Президентимиз Фармонига кўра мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ва ижтимоий ислоҳотлардаги фаол иштироки, самарали меҳнати, ёш авдлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.

Касбига садоқатли кишилар доимо эл ардоғида бўладилар. Уларнинг фидокорона меҳнатлари эса муносиб рағбатини топаверади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.