ёхуд педиатр Абдумуҳид Раҳмоновни ёд этиб...

 

Узоқ сафардан қайтган Афлотундан сўрашибди:

– Денгизда жуда кўп саёҳат қилдинг, шу саёҳатингда кўрган ажойиб нарсангни бизга сўзла.

Афлотун дебди:

– Энг ажойиби шуки, ниҳоят соҳилга сиҳат-саломат чиқдим. Инсон учун биринчи бахт – унинг соғлиги.

Бахт! Инсон яшар экан, умр бўйи унга интилади, ўзича бахтнинг янги-янги қирраларини кашф этади. Саломатлик посбонлари эса кишиларнинг ана шу бахтини барқарор қилиш, йўқотилган пайтида қайтадан тиклаш ишига ҳаётларини бағишлайдилар. Врач-педиатр Абдумуҳид Раҳмонов ҳам шу йўлда чинакамига фидойилик кўрсатаётган меҳри дарё кишилар тоифасидан...

Қирчиллама қишнинг изғиринли кунлари эди, ўшанда. Болалар бўлими мудири доктор Раҳмонов ўз хонасида жуда кам ўтирадиган бўлиб қолди. Қачон қараманг, бемор болалар устида парвона бўлиб турганини, палатама-палата юрганини, ҳамшираларга нималарнидир жон куйдириб уқтираётганини кўрасиз. Бугунги кун ҳам шундай беором ўтди. У касаллик тарихларига ўзгартиришларни қайд этиб тугатар экан, девордаги соатга қаради. Кечки 6 дан ҳам ўтиб кетибди. Ташқарига эса оқшом чўкибди. Доктор эгнидаги оқ ҳалатини эндигина ечаётган эди ҳамки, телефон жиринглаб қолди. У одатича шошиб трубкани олди.

– Доктор Раҳмонов эшитяпти. Ҳа, тинчликми?.. Зудлик билан бизга олиб келинг, кутаман.

У уйига ҳам кетишни унутиб, ўйга толди. "Врач Рустам Биляловнинг айтиши-ча, бола қишлоқ касалхонасига кеч олиб келинибди. Зотилжам ўтказиб юборилган бўлса, гўдакнинг ҳаёти қил устида. Боланинг дарди зўрайиб ҳолдан тойган. Ишқилиб етказиб келишса бўлгани..." Раҳмонов иккала қўли билан пешонасини ушлаб, тирсагини тияганича бир зум ўтириб қолди. Ярим соатча вақт ўтди. Бўлим олдига келган "Тез ёрдам" машинасининг таниш сигнали уни ҳушёр қилди. Доктор халатини қайтадан кийиб, ташқарига чиқди...

Кроватда тўққиз ойлик гўдак ётибди. Унинг лаблари кўкарган. Юрак уриши, нафас олиши сезилиб-сезилмайди, деярли жонсиз. Бола ҳаёти гўё шамдек липиллаб турибди. Нима қилиш керак? Дақиқа ўтказмай, юзта йўлдан битта аниқ-тўғри йўлни бехато танлаш зарур. Акс ҳолда... Абдумуҳид шундай вазиятда ўзини йўқотмаслик, диагноз қўйишда янглишмасликкина муваффақият келтиришини яхши билади. Шунинг учун ҳам у ҳар галгидек дадил, кўзларида фақат ишонч. Доктор гўдакнинг кўкрагига фонендоскопини аста қўйиб, нафас олишини эшитиб кўрар экан, дарров ёнидаги ҳамширага қаради:

– Тезда аналгинли укол келтиринг.

Ҳамшира ҳам шуни кутиб тургандек зум ўтмай бола тепасида ҳозир бўлди. Укол гўдакнинг танасига эҳтиёткорлик билан юборилди. Раҳмонов беморнинг юрак урушига қайта-қайта қулоқ тутар, унинг оғзига оғзини қўйиб, сунъий нафас берар, гўё бутун дунёни унутгандай, бола ёнидан нари жилмас эди. Бироздан сўнг яна муолажа давом эттирилди. У энди седуксендан укол беришни тавсия қилди. Боланинг юрагида, танасида ўзгариш сезила бошлади. Доктор юзидаги ўта жиддийлик, ташвиш аломатлари тумандек тарқалиб, юзларида ҳиёл табассум балқиди. Ниҳоят бола кўзини очиб, ҳушига келди ва чинқириб йиғлаб юборди.

Доктор ўрнидан қўзғалди. Пешонасидаги терларини рўмолчаси билан артар экан, рўпарасидаги "Доктор, бутун умидимиз сиздан" дея кўзларига жиққа ёш олиб турган ёшгина аёлга таскин берди:

– Кўп қайғурманг, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, болангизни тузатиб юборамиз.

Орадан йигирма кун ўтди. Бўлимнинг таклиф ва мулоҳазалар дафтарида қуйидаги ёзувлар пайдо бўлди: "Жонкуяр шифокорларга мингдан-минг раҳмат. Айниқса бўлим мудири Абдумуҳид Раҳмоновдан бир умрга миннатдормиз. У ўзининг беқиёс меҳри, билим ва маҳорати билан қизим Нодирага қайта ҳаёт бағишлади. Бугун шифохонадан қайтарканман болажон докторларга яна бир бор таъзим қиламан". Бу хўжандлик Жамила Ҳасанованинг дил сўзлари эди.

Марказий касалхонанинг болалар бўлими остонасидан ичкарига қадам қўяркансиз, нигоҳингиз "Болалар – бизнинг келажагимиз" деган ёзувга тушади. Бу ердаги шифокорларнинг хизмати келажакка дахлдор. Уларнинг қалблари эзгуликка тўла. Кеча-кундуз истиқбол эгалари саломатлигини кўз қорачиғидай қўриқлаш, оналар қалбига фарзандлар доғини қўндирмаслик уларнинг ягона мақсадларидир.

– Болалар бўлимида ишлайдиган врач алоҳида ҳис-туйғуга, алоҳида меҳрга эга бўлиши керак, – дейди тажрибали врач Мамадали ака Жўраев, – Ёрдамга муҳтож мурғак ниҳоллар қаери оғриётганлиги ҳақида шикоят қила олмайди, ҳолатини ифода этолмайди. Фақат йиғи-инграшгина уларнинг дарди оғирлигидан, дард билан олишаётганидан далолат беради, холос. Ана шундай беморларни даволаши керак бўлган врач олдида турган қийинчиликларни тасаввур қилиб кўринг-а? Шогирдимиз Раҳмонов бунинг уддасидан чиқа олиш қобилиятига эга. Ҳар қанча қийинчилик бўлмасин, у ҳамиша кичкина беморлар билан тил топиша олади.

Мана, қаршимизда қотмадан келган, жуссаси кичик, лекин вужудидан ғайрат-шижоат ёғилиб турган, ҳамкасблари сўзи билан айтганда, "Ўз ишининг кўзини биладиган, болажон йигит" ўтирибди. Касбидан мамнунлиги унинг сўзларидан яққол сезилиб турибди.

– Орзу – инсонга қаноат, – дейди доктор Раҳмонов. – Одамлар дардига малҳам бўлиш менинг орзуим эди. Қўрғончадаги ўрта мактабни тамомлаб, Тошкентга йўл олдим. Ўрта Осиё медицина-педиатрия институтида таҳсил кўрдим. Врач-педиатр дипломи билан ҳамқишлоқларим ҳузурига қайтдим. Аввал область соғлиқни сақлаш бўлими йўлланмаси билан Косонсойда иш бошладим. Кейинчалик районимиз марказий касалхонасига ўтдим. Тўрт йилдирки шу ерда болалар бўлимини бошқариб келяпман.

Докторга саволлар билан мурожаат этамиз.

– Болаларга тиббий хизмт кўрсатишда бўлимда қандай янгиликлар бор?

– Яқин вақтгача бўлимимизда ўринлар сони кам эди. Бунинг устига бўлим эски бинога жойлашган бўлиб, шароит ва имкониятларимиз анча чекланганди. Эндиликда кичик беморлар замонавий типда қурилган кенг ва ёруғ хоналарда даволанмоқдалар. Бугунги кунда бир йўла 80 нафар бола муолажа олмоқда.

Тиббий асбоб-ускунаю, дори-дармонлар етарли. Эдим Фетиев, Сабохон Саримсоқова, Мавжуда Дадамирзаева, Фарида Иномова каби врач ва ҳамшираларимизнинг хизматлари беқиёс. Улар менинг чинакам қанотларим.

– Мақсадингиз?

– Ҳаётда менинг битта душманим бор, у ҳам бўлса касаллик. Мақсадим душманимга қарши бетиним курашиш, ҳаётимиз гуллари – фарзандларимиз саломатлигини кўз қорачиғидай сақлашдан иборат.

– Доктор Раҳмонов, оғир касал келтирилди, – деди эшикдан шошиб кирган ҳамшира қиз.

– Ҳозир...

Вақт зиқ. Биз ҳам доктор ишига ҳалақит бермай, унга муваффақият тилаб залга чиқдик. У 7-палатага йўл олди. Демак, яна кимнингдир ҳаёти учун курашади. Изланувчан, ҳамиша медицинага оид китобларни қўлдан қўймай ўқиб-ўрганувчи, шифокорлик касбини улуғлаб, юзлаб кишилар олқишини олувчи Абдумуҳид Раҳмоновнинг бу сафар ҳам муваффақият қозонишига тўла ишонч бор.

Ҳа, болалар билан ҳаётимиз гўзал, умримиз мазмунли, келажагимиз порлоқ. Уларнинг шодлиги, қаҳқаҳаси билан дунё чароғон. Фарзандларимиз ҳеч қачон дард чекмасин. Уларнинг беминнат қўриқчилари – меҳри дарё шифокорлар эса омон бўлишсин. Касалхонадан қайтарканмиз шулар хаёлимиздан ўтди.

Юқоридаги очеркни 1979 йил 11 декабрда битган эдим. Мана, орадан қирқ беш йил ўтибди. Ҳозир яшаб юрганида болалар врачи Абдумуҳид Раҳмонов 72 ёшга кирарди. Афсуски, бешафқат ўлим унинг ўзини 50 ёшида орамиздан олиб кетган.

– Турмуш ўртоғимни унутмаганларингиз учун мингдан-минг раҳмат, – дейди мамнуният билан меҳнат фахрийси, ҳамшира Тожинисо ая. – Биз бир ўғилу икки қизни вояга етказиб, эл хизматига йўллаганмиз. Ўғлимиз Баҳодир коллеж ўқитувчиси, келиним Шоирахон туман шифохонасининг жонлантириш бўлимида, қизим Юлдузхон эса 26-оилавий поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлашади. Улар ҳам муносиб издошимиз сифатида элда ҳурмат-эътибор топишаётир. Армонли дунё экан, фарзанду набираларимиз бобосини фахрланиб ёдга олишади. Ахир у киши тиббиётнинг чинакам жонкуяри эдилар. Кейинроқ Намангандаги 5-оилавий поликлиника мудири бўлиб ишлаганлар, умр­лари сўнгида Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари вазифасини елиб-югуриб бажариб юрган эдилар...

Инсонларнинг барҳаётлиги – хотираларимиз жонланишида. Абдумуҳид Раҳмонов ҳақида ҳикоя қилишимиздан яна бир мақсадимиз бугунги ёш шифокорларни аввалгиларнинг ибратли фаолиятидан воқиф этиш ҳам эди.

Ҳаёт қонуни шундай: яхшилар ҳеч қачон унутилмайди.

Содиқ САЙҲУН.