Наманганга туташ Хонободда "Тожибоевлар" де­йилса бас, азалдан етти ёшдан етмиш ёшгача яхши танийди. Бугун эса, туману шаҳарда, ҳатто ви­лоятда улар ҳалол ва фаол хизматлари билан янада катта обрў-эътибор топишмоқда. Негаки, сулоланинг ўзига хос эзгу нияти, ўзига хос саъй-ҳаракати бор. У ҳам бўлса, истиқлолли элу юртимиз равнақига салмоқли ҳисса қўшиш, шифоталаб инсонларга беминнат нажот бағишлашдир.

Халқимизда "Илдизига тортади япроқ" нақли тилдан-тилга ўтиб юради. Асл маъноси илдизи бут ва соғлом дарахт сершох, япроқлари ҳамиша яшноқ бўлади, дегани. Агар мажозий моҳиятига қарасак, ҳар бир фарзанд наслу насабига тортишини англаб етамиз. Сулола бешинчи пушти – Муҳаммадзиё бобонинг ўғли Тожибой отадан ибтидоланади. Унинг айни навқирон йигитлик даври нақадар оғир йилларга тўғри келди. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, уч ўғилчасини турмушдоши Латофатхон Исомиддин қизига қолдириб, ўзи немис-фашистларга қарши курашга отланишга мажбур бўлди. Ўшанда кенжаси Абдураҳмон эндигина бир ёшдан ўтганди...

Тожибой ота авлодлар бахту саодати учун оловли жангоҳларда бир неча марта ажал билан олишди, беҳад чидами ва матонати туфайли не-не ўлимларни доғда қолдирди. "Фалокат оёқ остида" деганлар ҳақ экан. Ёмғир каби ёққан ўқларга ҳамиша панд бера олган йигит мина портлашидан қаттиқ жароҳатланди: бир кўзидан айрилди, бир қулоғи том битди, шикастланган бир оёғини жарроҳ тиғига тутди. 1-гуруҳ ногирони ҳолатида Хонободга қайтди. Латофатхон ая билан етти фарзанд тарбиялаб, эл хизматига йўллади.

Уруш фронтида жони омон қолишига оқ халатли халоскорлар сабабчи эканию, тинч­лик чоғида тиббиётчилар қаровига эҳтиёжмандлиги боис Тожибой ота оиласидаги фарзандларини ҳам ана шундай нажоткор инсонлар қаторига қўшилишини истади. Тўн­ғичи Абдусамад – эпидемиолог шифокор, тиббиёт фанлари номзоди бўлиб етишди. Кейингиси Абдукарим – офтальмолог сифатида кўз касалликларини даволашнинг моҳир устасига айланди. Абдураҳмон – терапевт-врачлик илму малакасини пухта эгаллади. Қизларидан Қорияхон ва Ҳалимахонлар ҳамшираликни танлашди. Хуллас, бир оилада беш тиббиётчи камолга етди.

Тожибоевлар ичида Абдураҳмон ҳожи ота ўз сулоласини шарафларга буркаганликлари билан алоҳида ажралиб турар эдилар. Афсуски, бугун у киши орамизда йўқлар. 2021 йилнинг 12 сен­тябри­да фоний оламдан боқий дунё сари кетдилар. Лекин ўзларидан эзгу амаллар, қутлуғ излар қолдирдилар. Шунинг учун бугун хотирлаб, руҳларини шод этиш мақсадида қалам тебратиб турибмиз.

1940 йилнинг 1 майида тавуллуд топган Абдураҳмоннинг болалиги машаққатли кечган. Шунга қарамай, у наинки Тожибой отасининг, айни вақтда акаларининг меҳридан ҳам куч-қувват олди. Шифокор бўлиш орзуси йўлида кеча-кундуз китоб ўқиди. Андижон давлат тиббиёт инс­титутида даволаш йўналиши бўйича олти йил устозлар сабоғидан баҳрамандланди. 1966 йили олийгоҳ йўлланмаси билан Сирдарё вилоятида меҳнат фаолиятини бошлаган бўлса-да, у ерда кўп қолиб кетмади. Чунки, ўша маҳалда Наманганнинг ўзида ҳам олий маълумотли врачлар етарли эмасди. Даст­лаб 2-шаҳар шифохонасида, сўнгра Хонободдаги тиббиёт муассасасида беморларни сидқидилдан даволади.

Тажрибали мутахассис ўтган асрнинг 80-йиллар бошида Наманган шойи ишлаб чиқариш бирлашмаси қошидаги тиббий-санитария қисми поликлиникасига ишга таклиф этилди. Токи пенсияга кузатилгунга қадар шу муассасага оқилона раҳбарлик қилди. У муассаса жамоасига ҳар жиҳатдан ибрат кўрсатиб, ҳалол ва фаол иш юритди, десак асло муболаға эмас. Ахир раҳбар ўз қўл остидагиларга интизоми, ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги билан шахсий намуна бўлсагина ишда муттасил муваффақиятларга эришади. Унинг ҳам терапевт, ҳам поликлиника бош врачи, ҳам ВНК раҳбари сифатида обрўси тобора ортиб боргани шундан.

Шогирдларининг, ҳамкасбларининг эътирофича, Абдураҳмон Тожибоев 35 йил меҳнат давомида тинмай ўқиб-ўрганди, малака-маҳоратини оширди. Олий тоифали врач мақомида беморларнинг ҳамиша меҳр-ихлосини қозонди. Энг муҳими, муомаласи мулойим, сўзлари ёқимли, касбига ўта садоқатли эди. Бундайлар номи эл ўртасида ўзгача ҳурмат билан комил инсон ва бетакрор мутахассис, дея тилга олинадилар.

Шифокор ҳар куни ўнлаб одамларни қабул қилади, дардини тинглайди, уларга даво ва малҳам чораларини излайди. Ҳаётнинг ташвиши ва қувончларини гўё бирга тотийди. Тажрибаси бойийди. Кўнглида шу одамларга нафи тегадиган панду насиҳатлар қилиш иштиёқи кучаяди. Абдураҳмон ота эса фақат айтиш билангина кифояланмас эдилар. Сабаби, Аллоҳ берган истеъдод ила қўлларига беихтиёр қалам тутардилар. 2015 йили "Одамийлик кўрки ёки саломлашиш одоби" рисоласини битиб, ижодкор-шифокор эканликларини амалда намоён қилганлари шундан. Албатта, бу тасодифий ҳол эмасди. Яна тинмай изландилар. Ота-она ва фарзанд муносабатларига бағишланган "Дунёнинг ўзгармас қонуни" китоби устида роса олти йил қунт билан ишладилар. Ва ниҳоят бу тўплам 2023 йили "HILOL-NASHR" нашриётида 5000 нусхада чоп қилинди. Ўкинч­лиси, Абдураҳмон отага ўз китобларини кўриш насиб айламади. Эҳ, бевафо дунё-я! Қанчалар интиқ кутган эдилар йиллаб ёзган дурдона фикрлари халқ орасида ёйилишини. Минг шукурки, Акмалхон, Одилжон ва Толибжондек падари бузруквори эзгу  ниятини рўёбга чиқарувчи фарзанд­лари бор экан. Бугун отанинг китоби қўлма-қўл бўлиб ўқилмоқда. Бу, Тожибоевларда чексиз фахру ғурур уйғотаётгани ҳам беинкор ҳаётий ҳақиқатдир.

Дарвоқе, Абдураҳмон ота Ёқутхон ая билан қарийб эллик йил бирга яшаб қўшақаришди. Бир қизу уч ўғилни халқ хизматига йўллашди. Гавҳархон – кардиолог-врач, Акмалхон – онкожарроҳ, Одилжон ва Толибжонлар тадбиркор. Издош набиралар Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил кўришяпти.

Ибратли оила раҳнамоларини эндиликда маҳалладошлари, қадрдонлари ғоят мамнуният билан хотирлашади.

– Абдураҳмон ота ажойиб камтарин, саховатпеша инсон эдилар, – дейди Наманган мухандислик-технология институти доценти Абдулбоқи Раҳмонов. – У кишини Аллоҳ раҳматига олсин. Ҳар йили ҳайит байрамларида қишлоқ аҳлига, мискинларга эҳсон қилардилар, болаларга совғалар улашардилар, кекса нуронийларга, ногиронларга катта эътибор қаратардилар. Айниқса қишлоқ ва масжид ободончилигига астойдил кўмаклашардилар.

– Халққа яхшилик қилишда Абдураҳмон ҳожи отамизнинг завжалари Ёқутхон ҳожи онанинг хизматлари беқиёс эди, – дейди таниқли адиба Тўхтахон Раҳимова. – Қўллари очиқлиги учун қариндош-уруғлар, уйда ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олардилар. Қўни-қўшниларга, маҳалладаги қамбағалларга ёрдамларини асло аямасдилар. Тўй қилаётган келин-куёвларга олди-бердисига етмаган матоми, кийим-кечакми, ҳатто тўй гиламигача туҳфа қилардилар.

Тиббиётчи Тожибоевлар сулоласи ана шундай эзгу анъаналар соҳибидирлар. Кечаги ота-оналарининг ўринларини бугун уларнинг муносиб издош фарзандлари босишмоқда. Халқдан "Отангизга раҳмат!" деган олқишлар олишмоқда.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.