Салкам чорак асрлик ҳуррият кечагина ота-оналаримиз учун, ундан аввалги ўтмишда бобо-момоларимиз учун дурният эди уларнинг кўнглида. Дилларидаги армонлар умрларининг аламли кечмишига айланганди, ҳукмбордорлар хурсанд, таъзимбажо тобелар маҳзун яшардилар. Бечора халқ толесизлигини тилларига чиқаролмай, сохта жилмайиб, сохта сўзларнинг сиқувидан юрак-бағрлари эзилиб умргузаронлик қиларди. Ўз вата­нида ватансиздай сезарди ўзини. Ўзга юрт­ни "Ватан" дея улуғлашга маҳкумликдан мунг кўз қароғларининг туб-тубигача сингиганди. Лекин ширин орзу-умидлар - Ўзбекистоннинг ўзига - ўзбекнинг ўзи бег бўлиши кераклигини тез-тез ёдга солиб турарди.

Пешонаси ярқироқ донишманду марду-майдон боболар руҳининг қўлловига мушарраф халқимизнинг Аллоҳга илтижолари 1991 йилнинг 1 сентябрида ижобатланди. Узоқни кўра билган, аҳди ҳам баланд, шаҳди ҳам баланд инсон - Ислом Каримовнинг журъату жасорати билан ҳурриятнинг таваллуд куни тантанали эълон қилинди...

24 йил! Неча-неча асрларни қаритиб, ўтмиш бағрига тарих сифатида муҳрланган, бежилов, бенуқсон, бетугал вақт олдида бу гўё киприк қоққунча кечган, сонияга лаҳзага тенг, холос. Замину замондаги тезкор ўзгаришлар эса ҳурриятга ҳамроҳли ҳазрати инсонни битмас-туганмас куч-қудратга қодирлаб қўйишини исботламоқда.

"Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги Президентимизнинг қарорларини ўқиб худди шундай туйғуни туямиз. Қаранг-га: тарихан қисқа давр­да қолоқ аграр республика ҳам қишлоқ хўжалиги, ҳам саноати тез суръатларда ривожланаётган мамлакатга айланди. Тарихан қисқа даврда иқтисодиёти 5,5 баробардан кўпроқ ўсди, аҳолининг даромадлари қарийб 9 баробар ошди. Агар мустақиллик арафасида мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат товарлари, аввало, дон, картошка, гўшт сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган бўлса-да, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи ўзимизда ишлаб ишлаб чиқарилаётгани эл-юртимиз фаровонлиги ортиб бораётганининг яққол тасдиғи-ку!

Ишбилармонлик ва тадбиркорликка кенг имкониятларнинг яратилиши мустақиллигимизнинг беқиёс шарофатидандир. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоизидан ортиғи яратилаётгани янада соз, янада илҳомбахш. Одамларнинг ташаббускорлиги, омилкорлиги, ғайрат-шижоати ҳар доим ҳам маънавий, ҳам моддий қўллаб-қувватланаётганлигининг беқиёс самарасидир бу.

Қутлуғ келди бизга ҳур қадам,

Ўзига бег ўзи ўзбегим.

Оламаро азиздир ҳар дам

Эмин-эркин яшаса ҳар ким.

 

Юракларда орзулар бисёр,

Юксаклардан юксакда нигоҳ.

Дунёларга боқамиз ҳушёр,

Ўзбекистон чинакам нургоҳ

 

Тинч меҳнатдан ризқ бутун,тотли,

Файз - барака элни тарк этмас,

Мўъжизабахш Истиқлол отли

Ҳумо қуши бошлардан кетмас.

 

Ҳайратона юртсан бетакрор,

Жаҳон "Қойил!" дер, Ўзбекистон!

Фахрлансанг арзийди минг бор,

Кўкрагингни кер, Ўзбекистон!

Содиқ САЙҲУН.