– Умридан барака топсин, ҳар доим шу аёлга учрайман. Очиқ чеҳра билан кутиб олиб, маслаҳатини сира дариғ тутмайди-я, барака топгур.

– Ҳа, мен ҳам даволаниб юрганимга анча йил бўлиб қолди, айрим пайтлардда уйга ҳам айт­тираман. Касаллик кечаси кучаяр экан-да. Малол олмай, етиб келади. Бундай пайтда тўғриси ҳижолат тортаман. Лекин бирор бор юзида нохушлик кўрмадим. Оғриғим қолгач, бу аёлни кўп вақт дуо қилиб юраман.

Рўпарамда ўтирган, етмиш ёшини қоралаб қолган бу онахонларнинг гаплари диққатимни тортди. Камина ҳам укол олиш учун борган эдим. Ўрта ёшли, мулойимгина ҳамшира эшикни очиб, онахонлардан бирини ичкарига таклиф этди.

Вақт ўтиб, хонадан муолажа олиб чиққан онахон "Умрингиз узоқ бўлсин, қўлингиз асло дард кўрмасин, Саломатхон" дея миннатдорчилик билдириб, хайрлашди. Навбат менга ҳам етди. Муолажа олдим. Беморлар меҳрини қозонган бу ҳамшира Саломатхон Абдулҳаева экан.

Халқ томонидан: "Докторнинг дорисидан кўра, ширин сўзи даволайди" деган гап бежиз айтилмаган. Саломатхон худди шундай ёқимли муомаласи билан ҳам даволаб қўядиганлар тоифасидан экан. У Янги Наманган туманидаги 6-оилавий поликлиниканинг "Оромгоҳ" филиалида ишлайди. Суҳбатимиздан маълум бўлдики, 33 йилдан буён эл хизматида экан.

– Мен ўтган йиллар мобайнида ҳеч бир кишини ранжитган эмасман. Оғриқ тортиб келган кишининг асаби толиққан бўлади. Ўшанда, аввало, ширин сўзингиз керак, кейин эса дори-дармон, – дейди у алоҳида таъкидлаб. Саломатхон халқ гапни айтди. Ҳозирги кунда " Оромгоҳ" филиали 6786 нафар кишига хизмат қилади. Саломатхон 289 та хонадондаги 910 нафар аҳолига боғланган. Улар орасидаги 20 нафар I-II гуруҳ ногиронлар ҳолидан бот-бот хабар олиб туришни ҳамиша ёдда тутади. Шу туфайли ҳам ҳамшира Саломатхон Абдулҳаевадан катта-кичик мамнун.

Анасбек ҲАМДАМОВ,

меҳнат фахрийси.