Бу шифокорни вилоятимиз аёллари айниқса яхши танишади. Сабаби, у эллик икки йиллик умрининг йигирма тўққиз йилини чақалоқлар саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга бағишлаб келмоқда. Оналарнинг миннатдор нигоҳларию, олқишларидан қувониб, яйраб-яшнаб яшашни ўзи учун тенгсиз бахту саодат деб билади фидоий неонатолог. Албатта, эл соғлиғи йўлида ҳалол ва фаол хизмат қилаётганлар давлатимиз томонидан қадрланади, муносиб рағбатга сазовор бўлади. Фикримизнинг ёрқин мисоли Дилбар Басатовнанинг шу йил Тиббиёт ходимлари байрами арафасида "Дўстлик" ордени билан тақдирланганидир.

Уни Самарқандда ташкилланаётган касб байрами тантаналарига бежиз таклиф этишмаган экан. Кўҳна ва навқирон шаҳарнинг мафтункор қиёфасига боқиб, беҳад ҳайрат туюб турган илғор неонатологнинг телефонига сигнал келди. Шошиб боғланиш белгисига бармоғи учини босди.

– Алло, Дилбар!

– Ҳа, устоз.

– Табриклайман!

– Раҳмат!

– Нима билан демай­санми?

– Байрамимиз билан-да.

– Ие, фақат шуми, энг катта хушхабарни биринчи менинг ўзимдан эшитар экансан-да, "Дўстлик" ордени муборак!

Улуғ ёшдаги шогирди кекса устозининг қутловидан довдираб қолди.

– Ростан-а, қаёқдан билдингиз, устоз!

Ҳозиргина Президент Фармони эълон қилинди. Жуда-жуда суюндим, сенга берилган мукофот худди менга ҳам берилгандек кўнг­лим тоғдек кўтарилиб кетди...

– Сизниям ҳиссангиз бор бунда, Марғуба Ғаниевна, ахир қанча йил бирга чақалоқларни даволаганмизку, – деди у кўзларида севинч ёшлари қалқиб.

Ҳали алоқани узмасидан яна кимдир боғланишга уринаётгани телефон ойнасида зоҳирланди. Устма-уст табриклар ёғилишда давом этаверди. Энг ҳаяжонли табрик Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазириники бўлди. Вазир тўпланганларнинг қарсаклари остида бир гуруҳ илғорлар қаторида юксак мукофотни тантанали топширди.

У орденни кўксига тақиб, ўтираркан болалиги, орзулари ушалишига шоҳид ўтган йиллар, бошидан кечган веқеа-ҳодисалар беихтиёр хаёлида жонланди. Уч акаю, бир ука орасида ўсаётган ёлғиз қиз Дилбар учун онаси-боғча тарбиячиси Гулзода ая чинакамига ибрат тимсоли эди. Гарчи мутахассислиги тиббиётчи бўлмаса-да, табобатга оид рисолалардан яхши бохабар аёлнинг ҳатто қўни-қўшни, маҳалладошларга кўп ёрдами тегарди. Улар истималаса ёки ўзини нохуш сезса, Гулзода опани йўқлашарди. Меҳридарё инсон дарров истимаси ва қон босимини ўлчаб, керакли муолажалар олишни маслаҳат берарди. Ёш жувонлар бемор боласи тузалиши учун ўз вақтида зарур ва беминнат кўмагини аямаган ғамхўр онасига ғоят ихлос қўйишгани қизчанинг ҳавасини уйғотарди. Ўша ҳавас бора-бора оқ халатли халоскорларга ўхшашлик орзусини кўнглида ғунчалатди. Мактабдаги устозлари – Робия Мирмуҳаммедова, Адолат Мамадалиева ва Рустамжон Ҳакимовларнинг ҳар бир дарсини қунт билан тинглаб, математика, она тили, химия фанларини аъло баҳоларга ўзлаштирди. "Олтин медал"ли битирувчи мақомига етди.

Андижон давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультети талабалари сафига қўшилган Дилбар Азизова 19871993 йилларда мақсад манзиллари сари астойдил интилди. Маманазар Эргашевич, Разалия Тимофеевна, Арофат Тошматовна сингари фан доктори, фан номзоди, илмий даражасига эга доценту профессорларнинг ишонган шогирдига айлана олди. Педиатрия йўналишига доир илмларни қунт билан эгаллаган, даст­лабки малака маҳоратидан бохабар ёш мутахассис вилоят туғруқхонасида неонатология бўйича бир йиллик интернатурани ўташ жараёнида ўзининг юқори уқувини, зукко ва чечанлигини амалда намоён эта олди. Шу боис, 1994 йилдан Республика акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида врач-неонатолог сифатида ҳақиқий хизмат фаолиятига киришди. Зукко ва чечан шифокор жамоада тезда ўз ўрнини топди. Марғубахон Алиеванинг меҳрини қозонди, тажрибасини тинмай ўзлаштириб борди. 2003 йили раҳбарлар ишончига сазовор бўлди. Филиалнинг чақалоқлар реанимацияси бўлими мудирлигига тайинланди. Дилбар Басатовна янги кўзи ёриган оналарнинг энг суюк, энг қадрли кишисига айланди. Ахир қанчадан-қанча янги туғилган митти жонларнинг танига малҳам қўйди, жонига оро, кўнглига халоват киритди.

Моҳир неонатологнинг ҳаётида 2017 йилдан янги босқич бошланди, десак асло янглишмаймиз. У энди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида фаолиятини давом эттирмоқда. Ўз ишининг беҳад ҳадисини олган мутахассиснинг ишончли қўлларида чақалоқлар гўё хавф уммонидан нажот соҳилларига чиқарилаётир. Буни айтишгагина осон, холос. Ўта нозик, ўта машаққатли, ўта мураккаб ва ўта шарафли вазифани қойилмақом уддалаш учун керагича билим, керагича малака, керагича тажриба талаб қилинади-да. Бунга айрим мисолларнинг ўзиёқ тўла шоҳидлик беради.

Шифохонага тунда Уйчидан 18 кунлик чақалоқни оғир аҳволда олиб келишди. Кесилган киндиги яхши битмагани учун майда томирларидан қон тинмай сизаётган экан. Дилбар Басатовна навбатчи хирург Нодирбек Файзуллаев билан ўша заҳоти шошилинч хулосага келди. Қон тўхтатувчи, яъни куйдириш амалиёти сифатли бажарилди, йўқотилган қон ўрнини босувчи дори-дармонлар мур­ғак боланинг танасига юборила бошлади, шундагина унда жонланиш сезилди...

Наманган туманидан келтирилган 20 кунлик чақалоқ нафас етишмовчилигидан қийналарди. Неонатолог дарров фаҳмлади. Бола муддатидан олдин, кам вазнли туғилгани учун ўпкаси, бош мияси меъёрида етилмагани оқибатида шундай ҳолат юзага келган. Зудликда интенсив даволашга киришган Дилбар Басатовна саноқли кунлар ичида кутилган натижага эришди.

Туғруқхонадан уйига эмас, тўғри неонатолог ҳузурига юборилган бу галги гўдакнинг аҳволи нақадар танг эди. Туғма нуқсони борлиги туфайли ичи юришмаган. Аниғи, орқа тешиги берк ҳолатда дунёга келган болага вақтинча томирдан озиқлантириш паретерал усулини қўллаб, ниҳоят хирургик йўл билан туғма нуқсон тугатилди.

– Биз, неонатологлар 28 кунликкача болаларни даволаймиз, – дейди Дилбар Басатовна. – Бу неонатолог даври ҳисобланади. Туғруқхонада чақалоқ ёруғ дунёга келган лаҳзадаёқ унинг барча тана аъзолари назоратдан ўтказилади. Гўдакнинг соч толасидан бошлаб, тирноғи учигача неонатологларнинг назоратидан четда қолмайди. Чақалоқлик палласида унга фундамент – пойдевор қў­йилади. Ахир шу тўрт ҳафта ичида бола организми тўла-тўкис соғломлаштирилмаса, кейин кўнгилсиз кўргиликлар ота-оналарни озорлайверади. Ҳеч қачон ёмон ишлашга, хато қилишга сира-сира ҳаққимиз йўқ.

Гўдакларга оғриқсиз, ширин ва гўзал ҳаёт ҳадя этишда пухта билим, етарли малакадан ташқари тоза қалб, мурғак жонлару уларнинг оналарига чексиз меҳр-муҳаббат бўлиши шарт барча ҳамкасбларимда. Шундагина, эртамиз эгаларининг ҳаётига бевақт нуқта қўйилмайди. Жудолик жабри ҳеч бир оилага яқин келолмайди.

Дилбар Басатовна эзгу мақсад билан яшаб, ишлаб, ўқиб, баркамол шифокор мартабасига етгани учун устозларига ҳали ҳануз таъзимда. Айниқса, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директор ўринбосари, профессор Камола Шавкатовна Салиҳова, Тошкент шаҳар перинатал маркази директори ўринбосари Малика Шамсиддиновна Усмоноваларнинг номларини алоҳида эҳтиром билан тилга олади. Уларга муносиб шогирд бўлиш учун изланади, интилади. Ҳамкорликда тиббий мақолалар ёзади. Чунончи, яқинда "Чақалоқлардаги пневмонияни небулайзер терапия йўли билан даволаш" мавзусида ўтказилган Халқаро конференциянинг илмий тўпламида ўзининг тажриба тадқиқотлари доирасида битган мақоласи чоп қилинди.

Дилбар Басатовнанинг таъкидлашича, ўзи қандай натижаларга эришаётган бўлса, унда Дилором Абдуллаева, Баҳромжон Исматуллаев, Олимжон Содиқов каби врачларнинг, Аъзамжон Шамсиддинов, Ҳалима Жўраева, Ёқутхон Каримова, Наима Мамажонова, Мавлуда Жўраева, Назира Дарвишева сингари фельдшер ва ҳамшираларнинг қўшаётган ҳиссалари катта. Бу ерда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан нажот истаб, мурожаат қиладиган ота-оналарнинг гўдаклари учун кеча-кундуз кўмакка шай гуруҳ шакллантирилган.

– Дилбар опанинг ёнларидаги ўрта тиббиёт ходимлариям ўзларига ўхшаган жонкуяр ва фидоий инсонлар, – дейди мамнуният билан ВБКТТМ бош ҳамшираси Дилдора Маматхонова. – Биз ҳамиша бамаслаҳат иш олиб борамиз. Уларнинг бой тажрибаси вилоятдаги ҳамкасблари учун чинакамига юқори малака ва маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.

Лавҳамиз қаҳрамони ижтимоий тармоқ орқали ҳам тиббий тарғибот юритиш билан халққа аллақачон танилиб улгурган."Оналарни қўллаб-қувватлаш" гуруҳини кузатган болали аёллар Дилбар Басатовнанинг ўзлари учун ғоят фойдали маслаҳату тавсиялардан баҳраманд бўлиб туришибди. Чунончи, "11 қадам" шарҳида она сутининг бебаҳолиги ҳақидаги қимматли маълумотларни топишлари мумкин. Гуруҳда оналар тажрибаси ҳам эшитилиб, энг маъқул ва манзурлари қизғин қўллаб-қувватланаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.

"Дўстлик" ордени соҳибаси Дилбар Азизованинг шундай мукофот билан тақдирланиши тўғрисини айт­ганда ҳеч кимни ҳайратга солмади". Чунки "Орден ҳақиқий эгасини топди. Дилбар Басатовна она ва болаларнинг беминнат ҳимоячиси, сеҳрли нажоткори ва халоскоридир" де­йилган кўпдан кўп эътирофлар беинкор ҳақиқатдир.

Содиқ САЙҲУН.