Зафаржон Аманбаевни вилоят тиббиёт тармоғида ишловчилар жуда яхши билишади. Чунки, у соғ­лиқни сақлаш бошқармасининг кадрлар бўйича бош мутахассиси. Ёш бўлишига қарамай, ўз ишининг ҳадисини олган йигит, ўз вазифаси масъулиятини чуқур ҳис этадиган мутахассис. Шу боис унинг хизматлари вазирлик томонидан ҳам муносиб эътироф этиб келинмоқда.

Юқоридаги фикримиз тасдиғи сифатида бошқармага Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амирулло Иноятовнинг яқинда юборган эътироф ва рағбат маъносидаги қуйидаги хатини келтирамиз:

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги Кадр­лар бошқармаси томонидан эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган, мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида жамият ҳаётининг барча тармоқларида қилган самарали меҳнатлари, юртимиз равнақи ва тараққиётига қўшиб келаётган салмоқли ҳиссаси учун давлат мукофотлари, фахрий унвонлар билан тақдирланадиган тиббиёт соҳаси вакилларининг маълумотлар базаси шакллантирилди.

Мазкур жараёнда топшириқлар ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшганлиги учун Наманган соғлиқни сақлаш бошқармаси кадр­лар билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Аманбаев Зафаржон Шавкатовични ваколат доирасида рағбатлантириш сўралади».

Бу бош мутахассис иш фаолиятининг бир қирраси, холос. Аслида қамрови кенг ва кечиктирмасдан, ўз муддатида аниқ бажариладиган вазифалари қатор-қатор. Тармоқдаги 4,5 мингдан зиёд врачу 30 мингга яқин ўрта тиббиёт ходимларининг ҳужжатларини талаблар даражасида юритилишини назорат қилиш, уларнинг малака ошириб боришини таъминлаш, хорижий олийгоҳ ва клиникаларга юборишга изчил эътибор қаратиш ва амалдаги тартиблар асосида ҳужжатларни тайёрлашга жавобгар шахсга осон эмас. Бироқ у топшириқлар масъулиятини ҳамиша чуқур ҳис этишга ўргангани учун кундузлари уззу-кун, ҳатто кечани-кеча демай ишлагани ишлаган.

Худди шу ҳолатни шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари кадрлар бўлими мутассадилари зиммасига ҳам юклаган. Чунки, қуйи бўғин қанчалик фаол иш юритса, вилоят бўйича кўрсаткичлар қониқарли даражага чиқади. Агар акси бўлса... У бунга сира-сира йўл қўймайди. Хуллас, Зафаржон Шавкатович ҳаётда ва ишда ўз ўрнини топган инсон.

Албатта, у изланишдан, интилишдан ҳеч вақт тўхтамайди. Агар 2000 йили Чортоқ тиббиёт билим юртини ўқиб тамомлаган бўлса, 2001-2002 йилларда ўзи туғилиб ўсган Учқўрғон туман марказий шифохонаси реанимация бўлимида фельдшер-анестезист вазифасида иш бошлаган. 2002-2003 йилларда вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси тиббий статистика бўлими услубчилигига, 2003-2008 йиллари сиртдан Наманган муҳандислик-технология институтида сабоқ олгани учун бошқарманинг техника хавфсизлиги бўйича муҳандиси лавозимига муносиб топилди. Ниҳоят унинг ҳужжатлар билан ишлашдаги уқувдорлиги ҳисобга олиниб, 2009 йили бошқарма кадрлар бўлими бош мутахассиси ёрдамчиси этиб тайинланди. 2021 йилдан эса бош мутахассис.

Кўпсонли жамоада бенуқсон иш юритгани, ёшларга хос ғайрат-шижоати туфайли Зафаржон Аманбаев ўтган йили "Мустақиликнинг 30 йиллиги" эсдалик нишони билан тақдирланган бўлса, яқинда Вазир буйруғи билан "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига сазовор бўлди. Биз ҳам соҳадошимизни қутлаб, ҳамиша аълочилик мақомида бундан буён ҳам барчага ўрнак бўлиб юришини тилаб қоламиз.

Содиқ САЙҲУН.