Бирламчи тизимда хизмат қилаётган тиббиёт ходимларининг вазифаси ўта масъулиятли. Чунки, маҳалладаги катта-кичикнинг соғ­лиғи, аввало, шуларнинг назоратида. Қолаверса, "тез ёрдам"чилар ҳам шу тизим жонкуярларидир.

Айни пайтда минглаб оқ ҳалатли фидойиларнинг сафида нафақа ёшидагиларнинг борлиги янада фахрли.

Қўшнимнинг боласи бирдан истималаб қолди. Ҳатто ҳарорати баландлигидан алаҳсирай бошлади. Фурсат ғанимат эди. Ўша заҳоти "103"га хабар берилди. Кўп ўтмай, кўчамизга "тез ёрдам"чилар етиб келишди. Машинада врач Умидахон Икромова ҳамшира билан бирга тушди. Қўшнимнинг уйига бошладим қувониб.

Бу аёл врач-педиатр эмасми, боланинг кўксига фонендоскопини қўйиб, эшитиб кўрар экан, юзидаги ташвиши арий бошлади.

- Ҳеч қиси йўқ, ўпкаси тоза, - деди онасига қараб.

- Музқаймоқ емаганмидинг? - дея боладан сўради дарров. - Қани оғзингни очгин-чи?!

- Боланинг юзлари тиришди. Лом-мим демади-ю, айбини англаб врачнинг юзига қаролмади.

- Айтганимдай, томоғи яллиғланибди, ҳозир иситма туширадиган уколни юборамиз...

У ҳамширага керакли тавсиялар бергач, ўзи бир парча қоғозга нималарнидир ёзишга тушди.

- Энди ҳушёр бўлинг, аяси, - дея таъкидлади врач.- Бола бола-да, нафси чукиллаб туради, совуқ-иссиқ демай оғзига тиқаверади. Томоқ безини музқаймоқ сал-пал бўттириб ҳам қўйибди. Ангинаси қўзғалса, баттар азоб чекади. Сиз манабу дориларни бир ҳафта ичириб турсангиз, бутунлаб соғайиб кетади...

Биз Умидахон опага раҳматлар айтиб кузатиб қўйдик. Шундай нажоткорларимиз борлигидан ғоят мамнун кайфият туйдик.

- Менинг соғлиғим яхши эмас, шунинг учун дўхтирларга тез-тез учраб тураман. Зарур ҳолларда уларни уйда туриб чақираман. Хоҳ кундузи, хоҳ тунда бўлсин, албатта, Умидахон опам етиб келадилар. Қон босимимни ўлчайдилар, уколлар буюрадилар, керакли тиббий маслаҳатларни аямайдилар. Ҳолатим яхшиланиши билан хайрлашиб, яна қайгадир-кимларнингдир ҳузурига ошиқишади. Инсонпарвар давлатимизга, меҳрибон шифокорларимизга ҳар қанча миннатдорчилик билдирсак арзийди, - дейди Зуҳрахон Ҳамроқулова.

Умидахон опа бундай ишонч ва ҳурматга кўп йиллик ҳалол ва фаол хизматлари учун мушарраф бўлдилар. 1994 йилдан буён Яндама қишлоғи аҳолиси соғлиғини сақлаш йўлида тиним билмайди. Устозлари Муҳаббат Абдуллаева ҳамда Маълуда Муродоваларнинг изидан бориб, улардек обрў-эътибор топди. Бугунги кунда нафақага чиқса-да, Тўрақўрғон туманидаги 26-оилавий поликлиникада тез ёрдам врачи бўлиб фаолиятини давом эттирмоқда. Яна қанчадан-қанча беморларга ҳаёт ҳаловатини қайтаришни дилига жо қилиб олган шифокор аёл олқишу дуолардан яйраб-яшнаб ишлаб юраверсин! - деймиз чин дилдан. Ахир, шундай инсонларнинг саъй-ҳаракати билан танимиздан дардлар чекинади, умримизга-умр қўшилади, ҳамиша.

Фотима ИЛОВИДДИНОВА.