Тиббиёт соҳасида ҳам ҳалол ва фаол хизмати билан юрт ҳурматига мушарраф бўлаётган опа-сингилларимиз талайгина. Уйчи туманидаги «Ахси» оилавий шифокорлик пункти мудираси Дилбархон Қаюмова ана шулар жумласидандир. Касбига садоқати, фидойилиги ва жонкуярлиги билан элнинг меҳр ва эътиборини қозонган саломатлик посбонининг умр йўлига назар солсангиз, унинг малакали шифокор, оқила раҳбар ва бахтиёр оила бекаси эканлигига тўла ишонч ҳосил қиласиз.

Аҳоли саломатлигини сақлаш, баркамол авлодни вояга етказиш борасида ҳамкасбларига ибрат кўрсатаётган Дилбархон ўттиз уч йил муқаддам Андижон давлат тиббиёт олийгоҳининг даволаш иши факультетини тамомлаган эди. Меҳнатсевар аёл 1995 йилдан бери қишлоқ тиббиёт масканини муваффақиятли равишда бошқариб келмоқда.

Касбим тақозоси билан Дилбархон раҳбарлик қилаётган тиббиёт муассасаси фаолиятидан бохабарман. Аҳил жамоанинг бошини қовуштириб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш сари етаклаётган ташаббускор ва изланувчан шифокорнинг тиббий хизматни янги бос­қичга олиб чиқиш борасидаги астойдил интилишлари эътиборга молик. Айниқса, ўтган йил аввалида тиббий хатловдан ўтказиш намунали ташкил этганлигидан воқифман. Ўшанда хонадонма-хонадон кирилиб, ёшу қарининг саломатлик кўрсаткичлари ҳақида аниқ маълумотлар жамланмаси шакллантирилган эди.

Ғоят муҳим ва зурур тиббий тадбирнинг самараси ўлароқ қишлоқда яшовчиларнинг соғ­лиғи ҳақида мукаммал далиллар жамланиб, улар ҳолатига қараб тўрт гуруҳга ажратилди. Хавф гуруҳига кирувчи инсонлар ҳақидаги маълумотлар асосида соғломлаштириш ишлари изчил олиб борилди. Шуниси эътиборга моликки, илгари сурункали касалликлардан азият чекувчилар қаторига киритилган одамлар сони кескин камайди. Яна бир ижобий жиҳат - қисқа вақт ичида биринчи гуруҳ таркибига ўтказилган кишилар сони жами аҳолининг 42 фоизини ташкил қилмоқда.

- Бу кўрсаткичга осонликча эришганимиз йўқ, - дейди Дилбархон Қаюмова. - Аввало, беморларга манзилли тиббий хизмат кўрсатиб бордик. Патронаж ишларини жонлантирдик. Қолаверса, қишлоқда соғлом турмуш тарзи тарғиботига устувор аҳамият қаратдик. Энг муҳими, саломатлик учун ҳар бир инсон ўзи қайғуриши лозимлигини тушунтиришдан чарчамадик. Бошланишида катта ёшдаги кишилар пиёда юришни одатга айлантиришди. Кейинчалик уларга ёшлар ҳам эргашишди. Бугунга келиб, яёв юриш эркагу аёлнинг севимли ва кундалик машғулотига айланди. Улар босиб ўтаётган қадамлар ортиб, масофа ҳам узайиб бормоқда. Жисмонан фаол одам асло касал бўлмаслигини ҳамма англаб етди. Соғлом овқатланиш, айниқса мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш муҳимлигига алоҳида урғу берилмоқда.

Фидокор аёл раҳбарлигидаги оилавий шифокорлик пункти жамоаси айни пайтда Ахси, Шафтоли ва Тошлоқ маҳалларида яшовчи салкам етти минг нафар аҳоли саломатлигини сақлаш учун масъулдир. Кейинги йилларда ҳудудда касалланиш кўрсаткичлари пасайиб, муттасил ижобий ҳолат қайд этилмоқда. Айниқса, болалар саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Коронавирус пандемиясидан муҳофазаланиш чоралари кўрилганлиги ҳам ўз самарасини берди. Жумладан, эмлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилди. Бугунга келиб рўйхатдагиларнинг 98 фоизига вакцина қўлланилди.

Оилавий шифокорлик пунктида 28 нафар соғ­лиқни сақлаш ходими хизмат қилади. Шифокорлар Умида Абдужамилова, Нафиса Каримовалар, патронаж ҳамширалари Муҳаббат Мадалиева, Дилором Шожалилова, доя Дилфуза Турсунова, эмлаш ҳамшираси Наргиза Мўминовалар зиммаларидаги шарафли ва масъулиятли вазифани адо этишда ҳамкасбларига ўрнак бўлишмоқда.

Дилбархон намунали оила бекасидир. Турмуш ўртоғи Икромжон Қаюмов билан тўрт нафар фарзандни вояга етказишди. Муҳаббат ва Муҳтарам она изидан боришди, ҳамширалик касбини эгаллашди. Дилдора - мактабгача таълим ходими. Кенжа қиз - Дурдона Наманган давлат университети химия факультетида таҳсил олмоқда. Саккиз нафар набиранинг бувиси.

Ўтган йили Дилбархон Қаюмованинг ҳаётида унутилмас воқеа рўй берди. Кўп йиллик самарали хизматлари муносиб баҳоланди. Ҳамқишлоқларини соғ­лом ҳаёт сари ундаётган шифокор Тиббиёт ходимлари куни арафасида Президентимизнинг Фармонига кўра "Соғлом турмуш" медали билан тақдирланди.

Биз қишлоқ аҳли дардига дармон излаётган ташаббускор тиббиёт ходимини давлатимизнинг юксак мукофоти билан қутлаймиз. Келгусида Дилбархон Қаюмованинг ютуқлари бундан-да кўп бўлишига ишончимиз комил.

Абдулла ҒОЗИЕВ.