Тиббиёт соҳасида ишлаш осон эмас. Айниқса, жарроҳлар учун. Ахир улар инсоннинг ҳаёт-мамотига жавобгарликни зиммага олиб, қўлларига шифобахш тиғ тутишади. Асосий амалиётни ўзлари бажаришади. Нажот истаб ётган беморнинг умри узайишига сабабчи бўлишади. Агар жарроҳ чинакамига моҳир бўлса, унга ихлос боғловчилар кўпайгандан кўпаяверади. Тўрақўрғоннинг Мозоркўҳна қишлоғилик Муҳаммаджон Турдибоев ана шундай қўли енгил, ҳамиша беморлари олқишларидан янги куч-қувват оладиган, жарроҳлик бобида юксак маҳоратли инсон.

У 1977 йили тиббиёт инс­титутидаги сабоғини тамомлаб, вилоят шифохонасига келган эди. Бу ерда уч йил фаолият юритди. Григорий Григорянц, Юсуф Қориев каби таниқли жарроҳларга шогирд бўлишга муяссарланди. Ўшандан буён эл хизматида.

Унинг эгнига оқ халат кийганига қирқ уч йилдан ошди. Эҳ - ҳа бу вақтлар ичида Тўрақўрғон туманидаги қанчадан-қанча беморларни азобдан фориғ этди. Айниқса, ошқозон-ичакларидаги муаммоларни муваффақиятли бартараф қилиш учун қўлидаги скапелу игнани асоратсиз ишлатишнинг ҳадисини олганлиги беморлар учун тенгсиз омадга айланганини айтишимиз жуда-жуда жоиз. Бугун уни олқишлаган ва олқишлаётганларнинг сон-саноғи йўқ, десак ҳам асло янг­лишмаймиз. Қайси бирини тилга олайлик уларнинг кўплигидан. Етти-ёшдан етмиш ёшгача, ҳатто бундан ҳам юқори умр кўрганларгача Муҳаммаджон акани "халоскорим", деб айтишганининг ўзим ҳам шоҳидиман.

Ҳозирда устозлик мақомида шогирдларига ибрат кўрсатишдан чарчамаётган жарроҳ шогирдлари даврасида астойдил фао­лият юритмоқда. Билганларини, тажрибаларини беминнат ўргатиб бормоқда. Қ.Сайфиддинов, А.Иброҳимов ва А. Холқўзиев кабилар эндиликда таниқли жарроҳларга айланишган. Улар шу боис Муҳаммаджон акани устоз сифатида беҳад ҳурматлашади.

Яна бир эътирофга сазовор жиҳати у кишининг билимга чанқоқлиги, доимо ўқиб-ўрганиши. Амалиётда қўллаган жарроҳлик усуллари, беморларни даволаш чоғидаги тажрибалари асносида илмий-тадқиқот олиб борганликларидир. Тиббиёт фанлари номзодлиги диссертациясини Россия Федерациясида ёқлаганликлари ҳали-ҳам ёдимизда. Бундан ўттиз йиллар аввал шундай илмий даражани вилоятда камдан-кам дўхтирлар олганини яхши биламиз.

Ибратли умр соҳибининг икки фарзанди ҳам ота касбини танлашган. Улар ҳам саломатлик посбони деган юксак номга яраша элу юртга сидқидилдан хизмат қилишмоқда.

Фотима ИЛОВИДДИНОВА.